Ботир Зарипов бухоролик уруш қатнашчиларига Президент табриги ва пул мукофотларини етказди
2026-05-08 21:55:00 / Янгиликлар

Жорий йилда байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофотини тўлаш белгиланган.
Шунингдек, бу кунда уруш қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари, кексалар ва устозларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, ёлғиз ва кам таъминланган фахрийларнинг турар жойлари ободонлаштирилмоқда, турли хотира ва қадрлаш тадбирлари ташкил этилмоқда. Мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган Ватан фидойиларининг хотираси ҳам улуғланмоқда. Уларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.
Она Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилган ҳарбий хизматчиларнинг мардлиги ва жасоратини тарғиб қилишга қаратилган маънавий-ватанпарварлик тадбирлари ўтказилмоқда.
Бугунги кунда Бухоро вилоятида 3 нафар уруш қатнашчиси – Ҳожимурод Бектошев, Файзулла Ходжиев ва Аҳмад Муҳсинов дориломон кунлар шукронаси билан яшамоқда.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, жамоатчилик вакиллари шаҳар ва туманларда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олиб, давлатимиз раҳбарининг табриги ва пул мукофотларини етказди.
Мутасаддилар дастлаб ички ишлар органлари фахрийси Аҳмад Муҳсинов хонадонида бўлдилар.
Кўксини орден-медаллар безаб турган Аҳмад Муҳсинов навқирон 19 ёшида Бухоро шаҳридан ҳарбий хизматга, аниқроғи, фронтга йўл олган эди. Урушдан сўнг унинг қарийб 20 йиллик фаолияти ички ишлар тизимида кечди. У юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида турли лавозимларда ишлади.
1947 йилгача қирғинбарот жанггоҳда, сўнг Европанинг турли давлатларида армия сафида бўлди. Урушдан кейинги йилларда Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги Бухоро давлат университети) нинг тарих факультетида таҳсил олди. Бир муддат ўрта мактабда педагог сифатида ёшларга сабоқ берди.
Мутасаддилар уруш фахрийси, 101 ёшни қаршилаган отахонни байрам билан табриклаб, самимий тилаклар билдиришди, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Учрашувда Ботир Зарипов Президентимизнинг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 81 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. 30 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ва байрам совғаларини топширди. Президентимиз номидан тақдим этилган махсус қимматбаҳо совға эса уруш фахрийларига бўлган чексиз ҳурмат рамзи бўлди.
Шунингдек, отахон ички ишлар вазирлиги, ички ишлар бошқармаси, вилоят ҳокимлиги, «Нуроний» жамғармаси томонидан ҳам моддий рағбатлантирилди. Бундан ташқари, уруш фахрийсига вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ва бошқа ташкилотлар томонидан эҳтиром кўрсатилди.
Ёшлар жамоаси ҳам мазкур хонадонда бўлиб, отахонга иззат-икром кўрсатди. Тинчликни, Ватанни улуғловчи шеърлар айтилди.
Шу куни вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамроҳлигидаги жамоатчилик вакиллари Бухоро тумани «Туркон» маҳалласида яшовчи Файзулла Ходжаев хонадонида ҳам бўлишди.
Вилоят ҳокими отахонни байрам билан самимий табриклаб, Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди ва пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғаларни топширди. Улар кўрсатган жасоратни халқимиз асло унутмаслигини, яна кўп йиллар роҳат-фароғатда яшашликларини тилади.
Ўз навбатида уруш фахрийси ҳам бугунги дориломон замонда уруш ва меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган чексиз ғамхўрликдан ниҳоятда мамнун эканлигини билдирди. Қолаверса, юртимиз тинчлиги, эзгу ниятларимиз ижобати, фарзандларимиз бахту камолини сўраб дуо қилди.
Шунингдек, Олот тумани «Ёш ботир» маҳалласида яшовчи Ҳожимурод Бектошевга Президент совғаси табриги ва совғаси етказилди.
Албатта, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, улар қаторида фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, аҳоли фаровонлиги йўлида фидокорона хизмат қилган меҳнат қаҳрамонларининг жасоратли ишлари келгуси авлодлар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









