Шофиркон: “Талисангобод” маҳалласида томорқа ерларидан унумли фодаланилмоқда
2026-05-08 17:15:00 / Янгиликлар

Айни кунда талисангободлик ёшлар бандлигини таъминлаш, уларга даромад манбаини яратиш, қишлоқ хўжалиги орқали ишлаб моддий манфаат топишлари учун 24 нафар йигит-қизга жами 6,4 гектар ер майдони ажратиб берилган. Бу жараёнда маҳалла ёшлар етакчиси Алиёр Ҳайдаров томонидан ёшлар истаги, ерга бўлган қизиқиши ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, ҳокимнинг Талисангободдаги ёрдамчиси ташаббуси билан 183 нафар талабгор фуқарога қарийб 27 гектар ер майдони ажратиб берилган бўлиб, бу орқали яна ўнлаб оиланинг бандлигини таъминлаш, маҳсулот етиштириб, даромад олиш имконияти яратилган.
Худди шундай, ажратилган ер майдонидан унумли фойдаланаётган ёшлардан бири Муроджон Тўхтаев бўлиб, у ўз ихтиёридаги 1,3 гектар ер майдонида айни пайтда картошка етиштириш билан шуғулланмоқда. Эътиборлиси, маҳалла “еттиги” томонидан ёш деҳқоннинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида дала йўлини чиқариб бериш, сифатли уруғлик ажратиш мурожаатлари ижобий ҳал қилинган. Парвариши талаб даражасида олиб борилаётган бу ердан Муроджон оила аъзолари билан биргаликда 25 тоннадан ошириб ҳосил олиш ҳаракатида. Албатта, рўзғордан ошиқча маҳсулот маҳалладошлар дастурхонига тортиқ қилинади. Бозор баҳосида бу 20 миллион сўмдан кам бўлмаган даромад дегани.
Маҳалладаги яна бир меҳнаткаш томорқачи Рўзибой Тошев ўзига ажратилган 3 гектар ерда полиз экинлари, хусусан, “оби наввот”, ҳандалак ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирмоқда. Ер тайёрлаш, минерал ўғит, уруғлик, техника хизмати каби сарф-харажатига ёш деҳқон оиласи 10 миллион сўм маблағ сарфлаган бўлиб, айни пайтда бажарилаётган агротехник тадбирлар, ҳалол меҳнат ва пешона тери эвазига етилиб пишадиган полиз маҳсулотларидан 100 миллион сўмдан орттириб даромад кутилмоқда. Ярим йиллик меҳнат маҳсули эса 90 тонна атрофидаги маҳсулотни саранжомлаш мақсад қилинган.
Муҳими, Талисангободда амалга оширилаётган юқоридаги каби ташаббуслар ва зиммага олинаётган меҳнат томорқачи оилалар турмуш тарзини яхшилаш, ер ресурсидан унумли фойдаланиб моддий манфаатдорликка эришишда муҳим тажриба мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









