Бухоро тумани: “Қумсултон” чўл массивида замонавий агротехнология асосида пахта етиштирилади
2026-05-08 09:55:00 / Янгиликлар
Бухоро тумани қишлоқ хўжалигида йирик инвестицион лойиҳалар доирасида фойдаланишдан чиққан ер майдонларини ўзлаштириш, хусусан, хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда чўл ҳудудида 2 минг гектар ер майдони замонавий агротехнологиялар асосида қишлоқ хўжалиги “айланмаси”га киритилмоқда.

Кейинги йилларда “Қумсултон” чўл массисивидаги “Уч Қарағай” МЧЖ пахтачилик кластери даласида илғор технология асосида чигит экиб, саноат учун қимматбаҳо хом ашё етиштириш тажрибаси пухта ўзлаштирилмоқда. Бунда эрта баҳорда ер тайёрлаб, уруғни плёнка остида ва очиқ майдонда экиш технологияси, агротехник талаблар, техникалардан самарали фойдаланишга эътибор қаратилмоқда.
Жорий мавсумда туманда пахтачилик тармоғидаги 239 та фермер хўжалигида 7 минг 200 гектар майдонга чигит экиб, парвариши бошланган бўлса, шундан 2 минг 800 гектарда чигит Хитой технологияси асосида қадалди. Ҳозирда 3 минг 800 гектар майдонда плёнка остида чигит экилиб, агротехник тадбирлар олиб борилмоқда.
“Уч Қарағай” МЧЖ пахтачилик кластери ва хитойлик инвестор Лиу Хин Жуанг ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида туманнинг чўл ҳудудида жами 2 минг гектар ер майдонини босқичма-босқич ўзлаштиришга киришилган. Лойиҳа доирасида замонавий агротехнологияларни жорий этиш, томчилаб суғориш тизимларини кенг татбиқ қилиш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришиш кўзда тутилган. Айни кунда чўлда томчилатиб суғориш технологияси асосида пахта етиштиришга жадал киришилган. Ҳозирда ундириб олинган чигит агротехник парваришланмоқда.
Ўтган йили “Новметан” ва “Кунжиқалъа” маҳаллаларидаги “Қумсултон” чўл кенгликларида синов тариқасида 350 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилиб, ижобий натижаларга эришилган. Бу тажриба сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш, ер мелиоратив ҳолатини яхшилашда ўз самарасини бермоқда. Шу кунларда кластер ҳудудидаги экин ерларини суғориш агротехник тадбирлари, сувдан оқилона фойдаланиб, ҳосилдорликни ошириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Хитойлик инвесторлар ҳамкорлигидаги бу лойиҳа чўл ҳудудларини ўзлаштириш, ҳудудда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштиришни кўпайтиришда долзарб аҳамиятга эга.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









