Олотда маҳалла кутубхонаси очилди
2026-05-07 20:20:00 / Янгиликлар

Мазкур масканнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, туман ҳокими Наргиза Неъматова, маҳалла фаоллари, ҳудуд ёшлари иштирок этдилар.
—Кутубхона азалдан илм-маърифат маскани бўлиб келган,—дейди кутубхона ташаббускорларидан бири, шу маҳаллада яшовчи Шахноза Наврўзова.—Маҳалламиз марказида қад ростлаган янги кутубхона Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ҳамкорлигида барпо этилди. Лойиҳа доирасида 650 миллион сўм маблағ ажратилиб, замонавий талабларга жавоб берадиган, қулай, кенг имкониятларга эга маскан бунёд этилди. Бу ерда болалар ва ёшлар учун алоҳида ўқув заллари, зарур китоб фондига эга, замонавий технологиялар билан жиҳозланган хоналар ташкил этилди.
Маҳаллада ташкил қилинган “Наврўз” кутубхонаси аллақачон болалар ва ёшларнинг севимли масканига айланган. Бу ерда ёшлар бўш вақтларини мазмунли ўтказиб, китоб мутолааси билан шуғулланмоқдалар.
Тадбирда кутубхона рамзий алвон лентаси қирқилгач, йиғилганлар масканда яратилган шарт-шароит, китоб фонди билан яқиндан танишдилар. Маҳалла ёшлари билан самимий кечган мулоқотда бир гуруҳ ёш истеъдод эгаларига республика Ёшлар ишлари агентлиги директори томонидан “Ibrat Academy”нинг олтин карточкалари совға қилинди.
Учрашув якунида навқирон авлод вакилларини рағбатлантириш мақсадида Алишер Саъдуллаев томонидан олотлик бир гуруҳ фаол ўғил-қизларга Тошкент шаҳрига бир ҳафталик саёҳат ва дам олиш йўлланмаси тортиқ қилингани ёшлар қалбида унутилмас, қувончли воқеа бўлди.
Шу кунларда зиё масканида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Муҳими, маҳаллада маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, китобхонликни тарғиб этиш ва ёш авлод учун муносиб шароит яратишга қаратилган бундай лойиҳалар юртимизда инсон қадри улуғланаётгани, ёшлар таълим-тарбиясига давлат сиёсати даражасида қаралаётганининг яна бир амалий ифодасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









