Ромитан: “Ўзбакон”да оилавий мебелсозлар ҳунармандчилиги ривожланмоқда
2026-05-07 15:25:00 / Янгиликлар

Бунда “Миллий банк” вилоят филиалидан ажратилган 100 миллион сўм кредит маблағи асқотди ва бу сармояга кичик корхона учун зарур ускуна ва дастгоҳ Хитойдан олиб келинди. Дастлаб ошхона мебеллари тайёрлашдан бошланган жараёнга қизиқувчилар, буюртмачилар кўпайиб қолди. Маъруфжоннинг устахонасида юмшоқ мебелларнинг кўплаб турларини бежирим ясаб, харидорларга манзур этишга эришилмоқда. Буюртма сони ошгани сайин хонадон соҳиби ёнига турмуш ўртоғи Дилноза Миржонова қўшилди. Самарқанд Давлат университети архитектура факультетида сиртдан ўқиётган ўғли Бахтиёржон, Бухоро Давлат университети физика-математика йўналиши магистри Дилдорахонлар ҳам бўш соатларини цехда ўтказадиган бўлишди.
Аввалига аҳоли буюртмалари билан ишлаётган мебелсозлар кейин корхона, ташкилот, савдо расталари, мактаб, мактабгача таълим ташкилотларидан ҳам буюртмалар олиб, мижозлар ишончини оқлашга ҳаракат қилдилар. Ҳатто, Газлида яшовчи аҳоли, баъзи мактаб, боғчалар мазкур мебелсоз оила доимий мижозига айланишди. Қўшни Пешкў, Бухоро туманларидан юмшоқ ва қаттиқ маҳсулотга талабгорлар кўпайди.
Маҳсулот сифатли, бежирим, чидамли бўлса, харидори ҳам кўпайиб бораверади. Қозоқов оиласи мебелсозлари тайёрлаётган мебеллар тури қарийб 30 хилга етказилгани ҳаракат ва изланиш маҳсули, албатта. Энди оилавий тадбиркорлар ўз ҳунар сирларини ёшларга ҳам ўргатишга, шогирдлар тайёрлашга бел боғладилар.
Бу жараёнда маҳалладаги 19-сонли умумтаълим мактабининг юқори синф йигитлари бўш пайти, таътил кунларини шу цехда ўтказишаётгани ҳам бежиз эмас. Қўни-қўшни айтишича, баъзан ўнлаб ускуна ва анжом овози бутун қишлоқни тутади. Муҳими, ўзбаконликлар қишлоқларида шундай ҳунарманд, мебел устахонаси борлигидан фахрланишади.
Цехнинг юқорисидаги бинода тайёр мебеллар чиройли териб қўйилгани кўзни қувонтиради. Маҳаллий маҳсулотнинг чет элда тайёрланган хилидан ҳеч кам жойи йўқ. Устахона ишига киришиб, бошида ярашиқли кепка кийиб олган Дилнозахон Миржонова турмуш ўртоғи Маъруфжон Қозоқов билан баб-баравар ҳаракат қилади. Мебелсозларни бугун янги изланиш ва режалар безовта қилмоқда. Улар замонавий эшик, деразалар тайёрлаш учун зарур дастгоҳ, ускуналар харид қилиб, фаолиятини, моддий манфаатдорлигини ошириш тараддудида. Ўзбаконда алламаҳалгача станок, ускуналар овози жаранглайди, демак янги буюртмалар тайёрланяпти.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








