Шофикон: беморда сон суяги эндопротезлаш амалиёти муваффақиятли ўтказилди
2026-05-07 14:15:00 / Янгиликлар
Туман тиббиёт бирлашмасининг республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази билан ҳамкорликдаги навбатдаги мураккаб жарроҳлик амалиёти маҳаллий шароитда муваффақиятли ўтказилди. Бу юқори технологик жарроҳлик амалиёти — чап сон суяги бўйин қисмидан ёпиқ синиши ташхиси билан мурожаат қилган, 1955 йилда туғилган бемор Рўзиқул Жўраев чап оёғи сон суягини тотал эндопротезлаш амалиётидир.

Маълумки, сон суяги бўйин қисми синиши, айниқса, ёши катта беморларда оғир кечадиган жароҳатлардан бири ҳисобланади. Бундай ҳолат беморнинг мустақил ҳаракатланиш қобилиятини кескин чеклаб қўяди, кучли оғриқларни келтириб чиқаради ҳамда вақтида самарали жарроҳлик муолажаси ўтказилмаса, турли асоратларга сабаб бўлиши мумкин.
Шу боис, беморда замонавий тиббиётнинг самарали усулларидан бири — тотал эндопротезлаш амалиёти ўтказилди. Бу жарроҳлик амалиётида шикастланган бўғин махсус сунъий протез билан алмаштирилади. Бу эса беморнинг қисқа муддат ичида оёққа туриши, эркин ҳаракатланиш имкониятининг тикланиши, оғриқларнинг камайиши ва ҳаёт сифати сезиларли даражада яхшиланишида муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур мураккаб амалиёт республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалидан таклиф қилинган малакали мутахассис Абдулла Ҳафизов, шунингдек, туман травматологлари Нодир Умаров, Аброр Ашуров, Умарбек Нуриллаевлар ҳамкорлигида юқори профессионал даражада амалга оширилди.
Бундай илғор услубдаги, мураккаб жарроҳлик амалиётини туман шароитида ташкил этиш, зарур тиббий жиҳозлар, шарт-шароит ва ташкилий масалаларни тўлиқ таъминлашда Шофиркон туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Азиз Носировнинг хизматлари ҳам эътирофга лойиқ. Унинг соҳани ривожлантириш, аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш йўлидаги дадил ишлари ўз самарасини бермоқда.
Бу каби юқори технологик жарроҳлик амалиётлари маҳаллий шароитда ўтказилаётгани беморларда узоқ масофаларга қатнамасдан, ортиқча оворагарчиликларсиз, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва инсон саломатлигини асраш, ҳаёт сифатини оширишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





