Шофиркон: “Yoshlar markazi” замонавий иншооти фойдаланишга топширилди
2026-05-07 13:45:00 / Янгиликлар
“Yoshlar markazi” эртамиз эгалари, навқирон ўғил-қиз истеъдодини юзага чиқариш, уларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, илм-фан, маданият, санъат ва спортда ўзларини кўрсатишлари учун янги имкониятлар эшигини очади.
Шофиркон тумани ҳокими қарорига мувофиқ, 2025 йил ёз ойларидан ҳудудда ёшлар учун замонавий инфратузилма яратиш, улар бошини қовуштириш, ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида туман марказий ўйингоҳи ва Давлат хизматлари маркази биноси ёнидан алоҳида ер майдони ажратилиб, қурилиш ишлари бошланганига кўп бўлмади.

—Мазкур “Yoshlar markazi” иншоотини қуриш ташаббуси “Open budjet” умуммиллий лойиҳаси асосида амалга оширилиб, бу борада ўтган йили 1,5 миллиард сўм маблағ ютиб олинган,—дейди Ёшлар ишлари агентлиги Шофиркон тумани бўлими бошлиғи Сухроб Абдуллаев.—2025 йил сентябрь ойидан мазкур 7 сотих ер майдонида бошланган қурилиш ишлари маҳаллий пудратчи “Gulistonobod qurilish gold servis” МЧЖ томонидан олиб борилди.
Лойиҳага биноан, “Yoshlar markazi”да замонавий ахборот технологияларини ўрганиш, техникага қизиқувчи навқирон авлод учун робототехника, 2 мингдан ошиқ китоб фондига эга “book kafe”— китоб мутолааси, спортсеварлар учун шахмат-шашка, стол тенниси тўгараклари, шунингдек, ёш билимдонларнинг “Заковат клуби” курслари ташкил этилиши кўзланган. Мазкур бино ва мажмуаларда яратилаётган шарт-шароит ёшларнинг инновatsiон ғояларини ривожлантириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, касбий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу маскандаги фаолият эса мазкур бинода иш олиб борадиган Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими томонидан мувофиқлаштирилади.
Бор куч ва имконият мазкур марказни сифатли ва қисқа муддатда фойдаланишга топширишга қаратилгани билан аҳамиятли эди ва куни кеча марказ расман ёшлар ихтиёрига топпширилди. Иншоотни фойдаланишга топшириш тадбирида республика Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, шунингдек, вилоят ва туман мутасаддилари иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар навқирон авлод вакилларини замонавий янги иншоот билан самимий муборакбод этиб, улар ташвиш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш, эртамиз эгаларининг истеъдоди ва иқтидорини юзага чиқариш, уларни мустақил ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш мақсадида ташкил қилинган марказ фаолиятига ишонч билдирдилар.
—Бугунга келиб Шофиркон туманида 30 ёшгача бўлган ёш йигит-қиз сони 89 минг 422 нафарга етган бўлса, шундан 14-30 ёшлар оралиғидаги ёшлар сони 43 минг 487 нафарни ташкил қилмоқда,—дейди туман ҳокими Мўмин Амонов.—Халқ таълими тизимида ҳудудда 56 та умумтаълим мактаби, 2 та техникум, коллеж ва касб-ҳунар муассасаси, шунингдек, 3- ва 9-сонли мусиқа мактаблари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, қолаверса, “Kelajak” болалар маркази фаолиятини олиб бормоқда. Шу кунга қадар мослаштирилган шароитда фаолият юритиб келган марказ эндиликда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликка бўлган қизиқишни ошириш, ўсиб келаётган авлодни Ватанпарварлик руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларга хизмат қиладилан гавжум масканга айланади.
Алвон лента қирқилгач, йиғилганлар марказда яратилган шарт-шароит ва қулайликлар билан яқиндан танишдилар. Албатта, эртамиз эгалари камолоти йўлида чекка туманда амалга оширилаётган бу каби янгиланиш эндиликда агентлик туман бўлими фаолиятида ҳам намоён бўлиши, ёшлар ишлари билан ишлаш тизими янада самарадорлик касб этиши лозимлиги эътироф этилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









