Бухорода Япония халқаро ҳамкорлик банки билан янги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди
2026-05-06 18:40:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан самимий ва дўстона руҳда кечган мулоқотда мамлакатимиздаги иқтисодий жараёнлар, жумладан, яшил иқтисодиётни ривожлантириш, инфратузилма лойиҳаларини жадаллаштириш, ИТ, сунъий интеллект ва кичик бизнес соҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва устувор йўналишларда янги замонавий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан муҳокамалар олиб борилди.
Суҳбат чоғида қўшма лойиҳаларни амалга оширилиши ва яқин келажакда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, томонлар Япония технологияларини жалб этган ҳолда иқтисодий аҳамиятга эга йирик лойиҳаларни амалга оширишда эришилган ютуқларни ривожлантириб, ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Хусусан, “яшил технологиялар” соҳасида инвестициявий шерикликни ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинди. Япония ҳукумати томонидан 2050 йилга бориб углероддан энергия манбаи сифатида фойдаланишдан умуман воз кечиш бўйича вазифа белгилангани инобатга олинса, бу масала жуда долзарб экани ойдинлашади.
Шунингдек, мулоқот давомида ҳозирги вақтда амалга ошириш босқичида бўлган қуёш энергетикаси, ичимлик суви таъминоти ва канализация инфратузилмасини модернизация қилиш, ахборот ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги лойиҳалар билан боғлиқ амалий жиҳатларга ҳам урғу берилди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида томонлар давлат-хусусий шериклик (ДХШ) дастурлари асосида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳамда белгиланган мақсадларга эришишда тизимли ва самарали фаолият олиб боришга келишиб олди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









