Ботир Зарипов Туркия Республикаси Конституциявий суди президенти Қодир Ўзкая билан учрашди
2026-05-06 18:25:00 / Янгиликлар

Ташриф доирасида меҳмонлар вилоят ҳокимлигида бўлиб, вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашишди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия – бу нафақат стратегик ҳамкор давлатлар, шу билан бирга, асрлар давомида синовдан ўтган муштарак тарих, маданият ва, энг муҳими, қардошлик ришталари билан боғланган халқлар экани қайд этилди. Бугун бу биродарлик ҳар жиҳатдан янги мазмун ва янги руҳ билан бойиб бормоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари мутлақо янги – стратегик шериклик ва олий даражадаги ишонч босқичига кўтарилди. Бу саъй-ҳаракатлар нафақат иқтисодий ва сиёсий соҳаларда, балки ҳуқуқий давлатчилик ва конституциявий тараққиёт йўлида ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда.
Учрашувда мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Бухоро вилоятида ҳам ривожланишнинг янгидан янги истиқболларини очиб бераётгани алоҳида таъкидланди.
Эътироф этилганидек, ҳудудда инвестициявий муҳит кун сайин яхшиланиб, йирик инфратузилма лойиҳалари руёбга чиқариляпти. Қишлоқ хўжалиги, қурилиш, саноат ва ишлаб чиқариш соҳалари энг замонавий технологияларга асосланланган ҳолда тараққий топмоқда. Илм-фан, маданият, соғлиқни сақлаш ҳамда туризм соҳалари жадал суръатларда ривожланиб боряпти.
Ўз навбатида Қодир Ўзкая самимий қабул учун миннатдорлик билдираркан, Бухоро азалдан илм-фан, маданият ва савдо марказларидан бири бўлиб келганлигини тилга олди. Шарифлик мақомига эга шаҳарлардан бири бўлган Бухоро ўзининг бой маданий ва меъморий ёдгорликлари, табаррук масканлари билан машҳур эканлигини эътироф этди.
Ташриф доирасида меҳмонлар Бухоронинг ноёб тарихий обидаларини зиёрат қилишди. Кўҳна кентнинг осори-атиқалари, тарихи меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









