Вобкент: “Quyosh nuri” ёзги оромгоҳи болаларни қабул қилишга ҳозирланмоқда
2026-05-06 17:35:00 / Янгиликлар
Ўқув йили тугаб, ёзги таътил бошланишига ҳам саноқли кун қолди. Ота-оналарнинг аксарияти жажжи фарзандини ёзги таътилни мароқли ва мазмунли ўтказиш мақсадида болалар соғломлаштириш оромгоҳларига жўнатишни истайди, албатта.

Вилоятнинг сўлим масканларида жойлашган оромгоҳларимизда болажонлар учун кунига 5 маҳал, тўкин дастурхон атрофида тўйимли овқатланиш, шинам ётоқхона хизмати, 12 кунлик дастур асосида турли маданий-маърифий, спорт тадбирлари, салқин ҳовузларда чўмилиш, интеллектуал ўйинлар, турли йўналишларда тўгараклар ҳамда ноанъанавий клублар фаолияти йўлга қўйилиши айни ҳузурбахш.
Ҳар йили 4 июндан 15 август кунигача ташкил этиладиган 5 та сменада 7 ёшдан-14 ёшгача бўлган болажонлар мириқиб дам олишлари, асосийси, уларнинг хавфсизлиги ва соғлигига алоҳида эътибор қаратилиши учун зарур чора-тадбирлар бошланган. Айни кунда вилоят марказидаги “Buxoro”, Ғиждувон туманидаги “Bolalar sayyorasi”, Ромитан туманидаги “Romitan”, Пешкў туманидаги “Peshko‘”, Вобкент туманидаги “Porloq kelajak” ва “Quyosh nuri” каби болалар оромгоҳларида қизғин ёз мавсумига пухта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Вобкент туманида ҳар мавсумда фаолият юритадиган 3 та ёзги оромгоҳ, жумладан, “Quyosh nuri”, “Нурли манзил”, “Порлоқ келажак” болалар оромгоҳларини мавсумга шай қилиш ишлари аллақачон бошланган. “Quyosh nuri”да жорий мавсум 5 навбатда 750 нафар ўғил-қиз, “Nurli manzil” оромгоҳида эса 400 нафардан ортиқ бола мароқли дам олиши ва саломатлигини мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Вилоят сўлим масканларидан бири сифатида “Porloq kelajak” болалар оромгоҳи қуввати оширилиб, ҳозирда бир навбатда 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, бунда жами 800 нафар болани дам олдириш имконияти яратилган.
Оромгоҳларда эртамиз эгалари учун барча шарт-шароитга эга ётоқхона, ошхона, компютер хонаси, бадиий китобларга эга кутубхона, сув ҳавзалари, жисмонан чиниқишлари учун футбол, волейбол майдончалари ҳадемай бунда мириқиб ҳордиқ чиқарадиган болажонларга беминнат хизмат қилишга шай.
“Quyosh nuri”да жорий мавсумда инфратузилма ҳолати танқидий кўриб чиқилди. Хусусан, айланма ўйин аттракциони, сув ҳавзалари, спорт майдончалари аҳволи, ётоқхона ва ошхона санитария ҳолати, электр ва газ таъминотигача батафсил ўрганилиб, керакли тезкор чораларни кўриш, нуқсон ва камчиликларни бартараф этиш, ҳудудни ободонлаштириш белгиланди.
Ёзги оромгоҳлар — болалар учун нафақат дам олиш, балки ривожланиш маскани ҳамдир. Бу ерда улар янги дўстлар орттиради, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлайди, соғлом турмуш тарзига амал қилишни ўрганади ҳамда кун тартибига риоя этиш орқали интизомни шакллантиради.
Шунингдек, янги тартибга кўра, касаба уюшмалари томонидан оромгоҳларда дам олувчи болалар йўлланма тўловларининг бир қисми қоплаб берилиши белгиланган бўлиб, бу имконият янада кўпроқ болани ёзги соғломлаштириш масканларига жалб этиш имконини беради. Айни кунда масъул раҳбарият сўлим масканларда барча тадбирларни талаб даражасида, сермазмун ташкиллаштириш, ёзги таътилни завқли, хавф-хатарсиз ўтказиш учун тажрибали педагог, мураббийлар жамоасини шакллантириш ҳаракатида.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








