Олот: қўзиқорин етиштиришдан 50 кунда 70 миллион сўм даромад...
2026-05-06 16:00:00 / Янгиликлар
Уй хўжалигида даромад олишнинг турли йўллари мавжуд, баъзи тажрибалар шунчалик муваффақиятли бўладики, улар ўзига хос даромад манбаига айланади. Жумладан, қўзиқорин етиштириш хонадон учун моддий манфаатдорлик омили. Олот тумани “Бўрибоғи Чандир” маҳалласида яшовчи Муслим Авезов оиласи бу ишни амалда муваффақиятли амалга оширмоқда.

Авезов хонадонида атиги 20 квадрат метрдан иборат хонада 250 қопча қўзиқорин парваришланмоқда. Гарчи, бу иш мураккаб туюлсада, уларнинг меҳнати тез самара бериши, етилганидан кейин ҳар куни 30 килограм атрофида қўзиқорин ҳосили йиғиб-териб олинаётгани мақсадга мувофиқ.
Оила миришкорлари бу ишни бошлаш учун 5 миллион сўм сармоя сарфлашган. Қўзиқорин учун маҳаллий иқлимга мос серҳосил ва истеъмолга хавфсиз “Вешенка” навли сифатли уруғ Бухоро шаҳридаги ишончли манбалардан топилган. Бугунга келиб хонадонда 250 та қопчада қўзиқорин етиштирилаётган бўлса, ҳар бир қопдан ўртача 8-10 килограм атрофида ҳосил олиш кўзланган.
Умумий ҳисобда бу 2,5 тоннадан ошиқ ҳосил дегани. Бир килограм қўзиқорин бозор нархи 30 минг сўмгача сотилаётган бўлса, бир мавсумдаги қўзиқорин етиштиришдан 70 миллион сўмдан ошириб моддий манфаатдорликка эришиш имкони бор.
Ташаббускор Муслим Авезовнинг билидиришича, қўзиқорин етиштириш агротехникаси осон, парваришлаш жараёни жуда содда бўлиб, “қопча”ларга кунига икки марта сув сепилади ва хона ҳарорати барқарор сақланади. Қоронғи, салқин хонада етиштирилаётган, полиэтилен қопчаларни ёриб чиқиб бўй кўрсатаётган қўзиқориндан бир йилги мавсумда ўртача 4-5 марта ҳосил етиштириш, бундан меҳнатга яраша фойда кўриш мумкин. Дейлик, 20 сотихли хонада бошланган “вишенка” навига мансуб қўзиқорин етиштиришдан хомаки мўлжалга биноан 70 миллион сўмга етказиб даромад олиш тажрибада синалган.
Қўзиқорин иммунитет ва ақлий қобилиятни мустаҳкамлашга, қалқонсимон безнинг нормал фаолиятига ёрдамлашади. Қўзиқорин таркибидаги “ПП” витамини одам организмини ҳар хил касалликлардан ҳимоя қилади. Улардаги лецетин моддаси томирларни тозалаш ва холестеринни камайтиришга ёрдам беради, атеросклерознинг олдини олади. Танада радиоактив моддаларни тўпламайди, аксинча, уларни организмдан чиқаради. Бу маҳсулотдан саратон ва бошқа касалликларни даволашда ҳам фойдаланилади.
Авезов хонадони каби уй шароитида қўзиқорин етиштириш нафақат оилавий бюджетни оширади, балки тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам имкон яратади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







