Хорижий мамлакатлар билан дўстлик Хитой халқ жамияти делегацияси - Бухорода
2026-05-06 11:30:00 / Янгиликлар

2024 йил 2 августдан ҳозирга кунига қадар жамияти раҳбари Ян Ванмин (Yang Wanming) ҳисобланади.
Жамият дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидаги “Хитой билан дўстлик жамиятлари” билан ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйган, ҳар йили дўстлик форумлари, делегациялар алмашуви ва қўшма тадбирлар ўтказилади, кўргазмалар, маданий фестиваллар, фильм намойишлари, мусиқий ва рақс концертлари орқали Хитой маданиятини тарғиб этади, халқаро ҳалқ дипломатияси конференциялари ташкил қилинади – бу тадбирларда турли миллат вакиллари иштирок этади, турли мамлакат шаҳарлари билан “Биродар шаҳарлар” (Sister Cities) лойиҳасини амалга оширади, бугунги кунгача жамият (CPAFFC) 2000 дан ортиқ “Биродарлашган шаҳарлар” алоқалари ўрнатган.
Бугун Ян Ванмин бошчилигидаги делегация Бухорога келди. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирокидаги учрашувда Бухоро шаҳри ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги дўстона ва стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Бухоро шаҳри ҳозирда дунёнинг 22 та шаҳарлари билан биродарлик алоқаларини ўрнатган бўлиб, бу йўналишда Хитой Халқ Республикаси шаҳарлари билан ҳам самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, 2017 йилда Лоянь, 2022 йилда Кунминь ва 2025 йилда Лешан шаҳри билан биродарлик муносабатлари ўрнатилган. Бу алоқалар икки давлат ўртасидаги дўстлик ва амалий ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилаётганидан далолатдир.
Учрашувда мазкур йўналишдаги ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштиришнинг қатор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, инвестиция ва иқтисодий, туризм, маданият ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, шаҳарсозлик ва инфратузилмани яхшилашда Хитой тажрибасидан фойдаланиш, ушуб йўналишларда аниқ натижага йўналтирилган “йўл харитаси” ишлаб чиқиш бўйича келишиб олинди.
Ушбу ҳамкорлик халқларимиз фаровонлиги, иқтисодий ривожланиш ва маданий яқинликни кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди. Учрашув якунида меҳмонлар вилоятнинг янги маъмурий маркази билан таништирилди. Ташриф дастурига кўра, делегация Бухоронинг тарихий обидалари, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







