Ромитан: томорқадан олинаётган 1,5 тонна помидор, яна шунча картошка ҳосили—рўзғор қут-баракаси
2026-05-06 09:45:00 / Янгиликлар

Ҳудуддаги ишсиз, кам даромадли, мигрatsiядан қайтган ёшларга унумдор ва аҳоли яшаш масканига яқин жойлардан 10 сотихдан 30 сотихгача ер майдони ажратиб берилгани “Бир ҳудуд—бир маҳсулот” тамойили асосида ёшларга ишлаб, оила моддий манфаатдорлигини ошириш имконини бермоқда.
Гап томорқа маданиятини шакллантириш хусусида бораркан, туманда қарийб 33 мингта хонадон ўз томорқа ерига эга бўлиб, ҳозирда улар ихтиёридаги 3 минг 681 гектарни ташкил этган томорқа ерида бораётган дала деҳқончилик ишлари ҳам эътироф жоиз. Ҳудуддаги 3,5 мингга яқин хонадонда эса 2-5 сотихли иссиқхона хўжалиги бўлиб, улардаги жами 12 гектардан ошиқ экин ерида сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда.
Пойжўй маҳалласида Норгул Ҳамроева сингари саранжом-саришта, томорқасини обод қилиб, мўл ҳосил етиштираётган фидойилар оз эмас. Хонадон соҳибаси гулни яхши кўради. Қаерга борса нафис, анвойи гул кўрдими, албатта олиб келиб, томорқасида экиб, ўстиришга интилади, уруғини қидириб юради.
Норгул Ҳамроева ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси тавсияномаси асосида дастлаб 33 миллион сўм кредит маблағини олиб, ҳовлисида мўжаз иссиқхона ташкил этганида, йилига камида икки марта ҳосил етиштиришни дилига туккан. Бу 3 сотихдан иборат иссиқхонада қишки мавсумгача ҳеч қандай ёнилғи сарфламай туриб помидор, булғор қалампири, яна исмалоқ, саримсоқпиёз, кўкатлар етиштиришнинг уддасидан чиқмоқда.
— Бу помидор кўчатлари 21 март куни ўтқазилган, 90 кунда тайёр бўлади,—дейди Норгул Ҳамроева.—Пишиб етилса, ҳосилни йиғиштириб олиб, сентябрь-октябрь ойларига бориб булғор қалампири кўчатларини ўтқазамиз. Бир мавсумда 1,5 тонна атрофида помидор, яна шунча булғор қалампири етиштириб, сотиб даромадга эга бўламиз.
Хонадонда уч ўғил ва уч келин меҳнати билан бугун иссиқхона ерида помидор кўчатлари ҳосилга кирган. Турмуш ўртоғи Жума Мирзаев билан эса Норгул опа фарзандларига яқин кўмакчи, рўзғорни яшнатиб қўйишган. Ҳовлидаги томорқанинг 4 сотихдан кенгроқ қисмида етиштирилаётган картошкадан ҳам мўл ҳосил кўзланмоқда. Тахминан 1,5 тонна атрофидаги ҳосил рўзғорга қўшимча даромад, албатта.
Хуллас, Норгул Ҳамроева ҳамда унинг ибратли хонадонига бугун маҳалладошлар ҳавас билан қарашлари бежиз эмас. Зеро, бу ҳалол меҳнат, интилиш эвазига эришилаётган фаровонликдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









