Ромитан: "Ифтихор жавоҳири" чорва хўжалиги ҳам имкониятларини оширмоқда
2026-05-04 20:05:00 / Янгиликлар

Маълумотлардан кўринишича, айни кунда тумандаги барча тоифа хўжаликларида парваришланаётган қорамол сони 142500 бошдан оширилган бўлиб, шундан 21545 бошдан ошиқ қоорамол фермер хўжаликларида, 115200 бошдан зиёд чорва моли деҳқон хўжаликларида боқилиб, аҳоли дастурхони тўкинлигини, бозор ва савдо расталарида сархил гўшт ва сут маҳсулотлари сероблигини таъминлашда муносиб ҳиссасини қўшмоқда.
Туманда барча тоифадаги хўжаликларда паваришланаётган сигир сони ҳозирда 42859 бошга етказилган бўлиб, шундан фермер хўжаликларида 7174 бош, деҳқон хўжаликларида эса 33830 бошдан ошиқ қорамол боқилмоқда. Айни пайтда туманда йиллик сут тайёрлаш салмоғи 22 215 тоннани ташкил этаётган бўлиб, шундан 3754 тонна фермер хўжаликлари, 17679 тонна сут деҳқон хўжаликлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
“Ифтихор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Одил Кибриёев бошлиқ "Ифтихор жавоҳири" чорвачиликка ихтисослаштирилган наслли қорамоллар фермер хўжалигида ҳам фаолият ривож топмоқда. Хўжаликда тажрибали чорвадор Одил ака Кибриёйев бошчилигида 50 бош Россиядан келтирилган наслли қорамол парваришланмоқда.
"Чёрний пёстир" зотига мансуб бу чорва моллари сут етиштиришни кўпайтириш йўналишида парвариш қилинмоқда. Ҳар бир сигирдан кунига 30 литрдан зиёд сут соғиб олинмоқда. Фермер хўжалигида кунига 1 тоннадан ортиқ сут етиштирилаётган бўлса, маҳсулот ҳудуддаги сутни қайта ишлаш корхоналарига етказилмоқда.
Туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Яшин Ражабовнинг айтишича, айни пайтда туманда наслли қорамолларни кўпайтириш, улар маҳсулдорлигини ошириш чоралари кўрилмоқда. Худди шундай "Ҳамро Тўхта", “Ҳамрообод" ва бошқа чорвачиликка ихтисослаштирилган хўжаликларда ҳам наслли моллар сонини кўпайтириш орқали иш ҳажми ҳамда моддий манфаатдорликни ошириш имкониятлари изланмоқда.
—Бу каби чорва хўжаликлари яқин йилларда Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан 1 минг бошдан ошиқ наслдор қорамоллар олиб келишни кўзлаб турибди. Бизнинг вазифамиз эса чорва моллари орасида юқумли касалликларнинг олдини олиш, экзотик-эпидемик вазиятни сақлаш, 13 хил касалликларга қарши эмлаш ишларини олиб боришдир,—дейди Яшин Ражабов.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




