Когон: “Ўбачўли” маҳалласида яшовчи Бобоевлар ҳам қўзиқориндан яхшигина даромад топмоқда
2026-05-04 15:10:00 / Янгиликлар
Когон туманида томорқачилик ва ихчам тадбиркорлик орқали ўз турмушини фаровон қилаётган оилалар сафи кенгаймоқда. Бугун кичик ер майдонидан унумли фойдаланиб, ҳалол меҳнати ортидан даромадга эга бўлаётган меҳнаткаш хонадонлардан бири “Ўбачўли” маҳалла фуқаролар йиғини, Порлоқ келажак кўчасида истиқомат қилувчи Бобоевлар оиласидир.

Мазкур хонадон эгалари кўп йиллик меҳнати ва бундан орттирган тажрибаси эвазига томорқачиликни даромад манбаига айлантиришга муваффақ бўлган. Айни пайтда улар ҳовли ичидаги ернинг 1 сотихдан иборат қисмида иссиқхона ташкил қилиб, помидорнинг эрта пишар навидан етиштирмоқда. Ҳадемай, саранжомланадиган ҳосил салмоғи 500 килограмдан, биринчи экиндан кўриладиган фойда эса 7 миллион сўмдан кам эмас.
Учқун Бобоев хонадони мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиши билан ҳам эътибор қозонган. “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида ҳудуддаги ҳоким ёрдамчисининг амалий кўмаги билан имтиёзли кредит олиб, қўзиқорин етиштириш фаолиятини ҳам йўлга қўйган. Ҳозирда улар қўзиқориннинг бозорбоп ва серҳосил “Вишенка” навини парвариш қилмоқда.
Қоронғи ва салқин хонада етиштирилаётган, полиэтилен қопчаларни ёриб чиқиб бўй кўрсатаётган қўзиқориндан бир йилги мавсумда ўртача 4-5 марта ҳосил етиштириш, бундан меҳнатга яраша фойда кўриш мумкин. Атиги бир сотих ерда бошланган қўзиқорин етиштиришдан хомаки мўлжалга биноан 40 миллион сўмга етказиб даромад олиш имконияти аллақачон тажрибада синалган. Ҳозирда ўзгача услубда, қайта ишланган чигит шелухасида етиштирилаётган харидорбоп қўзиқорин бир ой муддатда сотишга тайёр бўлади. Вазни енгил бўлгани билан баракали маҳсулот, ҳам харидоргир.
Хонадон бекаси Машҳура Азимованинг таъкидлашича, қўзиқорин етиштиришнинг афзаллиги қисқа муддатда ҳосил олиш ва бунда парваришининг қийин эмаслигидир. Атиги 40 кун ичида қўзиқорин тайёр бўлади ва бир ойда 500 килограмгача қўзиқорин етиштирилади. Айни кунда қўзиқорин нархи ўртача 20–25 минг сўм атрофида эканини ҳисобга олсак, бу фаолият оилага қўшимча даромад олиб келмоқда. Муҳими, Бобоевлар оиласи ўз тажрибаси билан маҳалладошларига ҳам ўрнак бўлмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








