Ромитан: Мирзаевлар хонадонида ҳам меҳнатдан барака топишмоқда
2026-05-02 18:10:00 / Янгиликлар
Меҳнатни зиммасига олган, изланишда, ҳаракатда бўлганлар хонадонида хазина бисёр. Ромитан туманининг Пойжўй маҳалласидаги Жума Мирзаев ва Норгул Ҳамроевалар ана шу “хазина”ни меҳнатлари эвазига яратмоқдалар.

Уларнинг оиласи гавжум, рўзғори катта. Бунда вояга етган уч ўғил, шунингдек, уч келин, 8 нафар невара файзли дастурхон атрофида йиғиладилар. Дастурхон тўкин, оила тинч. Сабаби оилада катталарнинг ўз касб-коридан ташқари уйда ўз хизмати, машғулоти бор. Жума ака ва унинг фарзандлари турли соҳада ишлашларига қарамасдан, бўш пайтларида рўзғор юмушларида кўмаклашадилар.
Оила соҳибаси Норгул Ҳамроева эса ҳали вояга етмаган саккиз невараси таълим-тарбиясидан ортиб, ўғиллари ва келинларини томорқа ва оғилхонадаги меҳнатга чорлайди.
Бу хонадонда чорвачиликка меҳр қўйилган. Сигирлар сути қатиқ, қаймоғу сариёққа айланиб, рўзғорга барака киритса, бўрдоқига боқилаётган қорамол, қолаверса, қирқдан ортиқ товуқ яхши парваришдан, кунлар исиши билан тухумга кирган, ҳатто қўни-қўшни ҳам бундан баҳраманд бўлмоқда.
Хонадонда невараларнинг ҳам ўз “эрмаги” бор, улар қуён боқиб кўпайтириш билан овора. Парҳезбоп гўшти мазали ва хушхўр. Қўрадаги қўй-эчкилар эса эрта баҳорда икки, учталаб қўзичоқ бергани ҳам астойдил парвариш ва меҳнат маҳсули.
Оила рўзғори катта бўлмасин, тўкинликни ўзлари таъминлайдилар. Миришкор хонадоннинг асосий тамойили, бунда кимдандир қарз сўраб яшамайдилар, аксинча кимларгадир илинадилар.
— Баъзида келинларим ҳали боғча ёшидаги беш неварамни менга ташлаб, рўзғор юмушларига уннаб кетишади. Уларни ухлатишим билан келинларга ёрдамга шошиламан,—дейди Норгул Ҳамроева.
У киши суҳбатидан завқланиб, хонадондаги хазина меҳрда, ишончда эканини англаймиз.
—Қанчалик оддий, самимий бўлишмасин, бу оиладаги иноқлик, меҳнатсеварликни маҳалладагиларга ибрат қилиб кўрсатамиз,—дейди Пойжўйдаги ҳоким ёрдамчиси Феруз Латипов.— Жума Мирзаев ва Норгул Ҳамроевалар уй хўжалигидаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишда илғор.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




