Ромитан: “Пойжўй”да 330 ўринли замонавий мактаб қурилиши бошланди
2026-05-02 10:50:00 / Янгиликлар
Яширишга ҳожат йўқ, яқин-яқингача Пойжўй Ромитан туманининг олис ва оғир туманларидан бири эди. Ҳудуддаги Юқори Пойжўй, Қуйи Пойжўй, Ўзбакон, Қалиболо қишлоқларини ўзида бирлаштирган маҳалла фуқаролар йиғинида бугунга келиб 4 мингдан ошиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, сўнгги йилларда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудда қатор янгиланиш ва ўзгаришлар юз бергани қувонарли, албатта.

Аввало, тиббий хизматни юксалтириш мақсадида пойжўйликлар учун тиббиёт пункти талаб даражасида бунёд қилиниб, маҳалла маъмурий биноси қуриб фойдаланишга топширилди. Туман йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан “Пойжўй”, “Қалиболо” қишлоқларининг 2 минг метрга яқин ички хўжалик йўли асфальтлаштирилди. Туман электр тармоқлари корхонаси томонидан 2 та трансформатор ва 2,2 минг метр ҳаво линияси жорий таъмирланди.
Туман газ таъминоти корхонаси томонидан 1 минг 250 метр газ қувури тармоғи таъмирдан чиқарилиб, 3 та газ тақсимлаш пункти техник тафтишдан ўтказилди. Туман сув таъминоти корхонаси томонидан маҳаллада 10,6 минг метрга тоза ичимлик суви қувури тортилиб, пойжўйликлар истеъмолга яроқли “оби ҳаёт”дан баҳраманд бўлдилар.
Айни кунда маҳалла аҳолиси учун яна бир иншоот қурилиши жадал бошланган. Гап шундаки, Пойжўй маҳалласида 700 нафарга яқин мактаб ёшидаги ўғил-қиз бўлса, улар учун шу кунга қадар бир неча чақирим узоқдаги 19-сонли умумтаълим мактаби хизмат кўрсатиб келган. Ниҳоят, бу йилда фарзандларининг мактабдан соғ-омон қайтишини илҳақ кутадиган ота-оналарнинг орзулари амалга ошмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида маҳалла болалари учун янги таълим маскани қурилиб, фойдаланишга топширилади. Айни чоғда янги мактаб биноси ўқув корпуси, спорт иншооти, ошхона, устахона бинолари пойдевори қўйилмоқда. Бу ишда "Бобур Азамат Темур" масъулияти чекланган жамият қурувчилари ишни шиддат билан олиб бормоқдалар.
— Қурилиш иншоотида 50 нафар ишчи-мутахассис иштирок этмоқда. Бетон қуювчи, дурадгор, пайвандловчи ва бошқаларнинг иш сифати унумдорлиги кундалик назорат қилинмоқда. Улар учун меҳнат хавфсизлиги ва барча шарт-шароит яратиб берилган,—дейди иш юритувчи Темир Икромов.
— Аввал катта магистрал йўл бўйлаб болаларнинг қатнови ота-оналарни хавотирга соларди. Бугун эса бу янгилик, маҳалламизда замонавий андоза асосида уч қаватли мактаб қурилаётганидан барча хурсанд,—дейди Пойжўй маҳалласи хотин-қизлар фаоли Розия Раҳимова.
Қиймати 11 миллиард сўмга молиялаштирилган мазкур 330 ўринли таълим иншооти пойжўйликларга Мустақиллик байрами армуғони бўлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






