Когон: Ўбачўлида Манзура Одилова сингари томорқа миришкорлари бор
2026-05-01 11:40:00 / Янгиликлар
Ўбачўли маҳалласи, Обод Қипчоқ қишлоғида истиқомат қилувчи Манзура Одилова ҳам кўп йилдирки, томорқа еридан оқилона фойдаланаётган миришкорлардан бири сифатида танилган. Хонадон бекаси ҳовлиси этагидаги 10 сотихдан иборат ер майдонини пухта режалаштирган ҳолда, ундан икки йўналишда мўл ҳосил олишнинг уддасидан чиқмоқда.

Хусусан, 5 сотих майдонда иссиқхона барпо этилиб, унда йилнинг тўрт фаслида маҳсулот етиштирилмоқда. Эрта баҳор кунларидан кўчат ўтқазиб парвариши бошланган помидор ва булғор қалампири етилиш арафасида. Иссиқхона шароитида экин ва ҳосилни эрта етиштириш, вегетatsiя даврини узайтириш ва маҳсулот сифатини ошириш имконияти бор.
Шу билан бирга, ҳовлидаги экин ерининг қолган 5 сотихли қисмида, очиқ ерда картошка ва бақлажон парвариш қилинмоқда. Плёнка остида етиштирилаётган помидор ва булғор қалампири ҳар биридан 1,5 тонна атрофида ҳосил олинса, рўзғорга зарур картошка ва бақлажондан яна 2 тоннадан ошириб маҳсулот жамғаришга яқин туришибди.
—Ерда уч-тўрт марта ҳосил етиштириш осон иш эмас, ер тайёрлашга бор кучимизни берамиз. Тупроқни маҳаллий ва минерал ўғитга тўйинтириб, ўз вақтида суғориш, зараркунанда ва касалликларга қарши кураш, дорилаш, қолаверса, бегона ўтдан тозалаш ишларига эътибор қаратиб, ўзимиз кўзлаган ҳосил ва даромадга эришмоқдамиз,—дейди Манзура Одилова.—Биргина жорий йил биринчи ярмида томорқа еримиздан 70 миллион сўмга етказиб даромад кўришни ҳисоб-китоб қилганмиз.
Шу ўринда баъзи таҳлилий маълумотларга тўхталсак, Когон туманида жорий деҳқончилик йилида ўз томорқасига эга бўлган жами 20 минг 928 та хонадоннинг 2 минг 122 гектардан иборат экин ерида 239 гектарда картошка, умумий ҳисобда 1 минг 168 гектарда помидор, бодринг, карам, пиёз, сабзи, булғор қалампири каби сабзавот маҳсулоти, 53 гектарда қовун, тарвуз, қовоқ ва бошқа полиз маҳсулоти, 84 гектарда ловия каби мойли экинлар етиштиришга киришилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







