Ромитан: буйрак трансплантациясига доир жарроҳлик амалиёти ўтказилди
2026-04-29 21:30:00 / Янгиликлар
Ҳақиқатда бундай амалиёт яқин йилларгача вилоятда амалга оширилмас эди. 2018 йилда Тошкент шаҳридаги академик Восид Воҳидов номидаги илмий-тиббиёт марказида мазкур мураккаб операцияга дадил қўл урилган бўлса, 2022 йилдан кейин бу турдаги тиббий жарроҳлик амалиёти вилоятларда мунтазам ўтказидадиган бўлди.

Тиббиётга қаратилаётган эътибор ва моддий-техник имкониятларнинг оширилгани туфайли Ромитан тумани, Ўба маҳалласи Соқижон қишлоғида яшовчи, 1-гуруҳ ногирони Ўктам Тошовни анчадан бери қийнаб келган буйрак етишмовчилиги хасталигига чек қўйилди. Анчадан бери вилоят ва ҳатто республика шифохоналарида ётиб даволаниб келаётган бемор туман тиббиёт бирлашмасида шифо топмоқда.
Академик Восид Воҳидов илмий-амалий марказининг буйрак трасплантация ва реаблитацияси бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори, нефролог Зоҳиджон Маткаримов, трансплантолог жарроҳ Жасур Ўринов, қон томир касалликлари жарроҳи Музаффар Рустамов, нефролог Шаҳзод Эркаевлар яқинда Ромитан туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимида ушбу амалиётни муваффақиятли амалга оширдилар.
Бемор Ўктам Тошовга донор сифатида турмуш ўртоғи Малоҳат Бобоеванинг буйраги трансплантация йўли билан кўчириб ўтказилди. Тиббий кўрик ва ташхислардан сўнг жарроҳлик амалиёти юқори малакали врачлар томонидан муваффақиятли амалга оширилди. Айни пайтда беморнинг ҳам, донорнинг ҳам саломатлиги қониқарли бўлиб, улар тиббиёт бирлашмаси реаниматсия бўлимида тиббий назоратда.
Мазкур тиббий жарроҳлик амалиётидан олдин туман ҳокими Умеджон Барноев Хитой Халқ Республикасидан келган меҳмонлар билан бирга буйрак кўчириб ўтказиш юқори технологик операцияга тайёрланаётган бемор ва донор ҳолидан хабар олишди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









