Шофиркон: Нуриддин Нарзиев оддий чиқиндидан муқобил энергия ишлаб чиқарувчи генераторни тақдим этди
2026-04-28 15:50:00 / Янгиликлар

Мазкур қурилма чорва моллари чиқиндилари ҳамда маиший чиқиндилар асосида ишлайди. Бу технологияни яратиш учун муаллиф томонидан қарийб 20 миллион сўм маблағ сарфланган. Натижада технологнинг сўзларига биноан, бир суткада 1200 КвА электр энергияси ҳамда 300 куб метр биогаз ишлаб чиқариш имконияти йўлга қўйилган.
Яратилган тизим нафақат экологик жиҳатдан фойдали, балки иқтисодий самарадорлиги билан ҳам ажралиб туради. Айни пайтда бу лойиҳа доирасида 3–4 нафар фуқаро иш билан таъминланмоқда. Ишлаб чиқарилаётган энергия иссиқхоналарни иситиш, хонадонларни ёритиш ҳамда бошқа турли хўжалик эҳтиёжларида кенг қўлланиши мумкин.
Мазкур инновaцион жараён билан яқиндан танишиш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Energosavdo” вилоят бўлинмаси директори Илҳом Аслонов ва туман мутасаддилари ихтирочи Нуриддин Нарзиев билан биргаликда қурилмани синовдан ўтказдилар. Муқобил инновaция манбасининг ишлаш принципи яқиндан ўрганилиб, амалий натижадорлиги кузатилди.
Тақдимотда Нуриддин Нарзиев арзимас чиқиндилар орқали биогаз олиш жараёнини намойиш этди. Бу генератор ёрдамида насосни электр энергияси билан узлуксиз ишлатиш имкониятини амалда кўрсатилди. Мутахассислар таъкидлашича, айни кунда муқобил энергия манбаларига бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Айниқса, газлаштирилмаган ҳудудларда биогаз технологияси муҳим ечим сифатида қаралмоқда. Қишлоқ шароитида эса чорва чиқиндиларидан доимий фойдаланиш орқали энергия манбаини узлуксиз таъминлаш мумкинлиги мазкур қурилмадан ҳам кўрилади. Бундан ташқари, тик қудуқлардан фойдаланишда ҳам доимий электр энергияси тақозо этилади.
—Бу технология шу каби муаммоларга содда ва самарали ечим таклиф этиши билан аҳамиятли. Бундай инновaция ишланмаларини амалиётга жорий этиш жуда муҳим. Мутахассис сифатида биз Нуриддин Нарзиев яратган технологияни кенг татбиқ этиш бўйича ўз таклиф, мулоҳазаларимизни билдирдик,—дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Energosavdo” вилоят бўлинмаси директори Илҳом Аслонов.
Мазкур лойиҳа нафақат энергия таъминоти муаммоларини ҳал этишда, балки чиқиндиларни самарали қайта ишлаш орқали экологик барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






