Ғиждувон: “Шўрча”да Бўроновлар уй хўжалиги 5 қути ипак қурти парваришламоқда
2026-04-28 15:45:00 / Янгиликлар
Жорий йилги мавсумда Ғиждувон туманида пилла етиштиришга ихтисослашган 200 тадан ошиқ фермер хўжалигининг 2300 дан зиёд, шунингдек, 596 та хонадондаги касаначи ва оилавий звенолар томонидан жами 9 минг 869 қути ипак қурти парвариш қилиниб, якунда 635 тонна атрофидаги “кумуш тола” хирмони барпо қилинмоқда. Жорий мавсум олдидан туманда мавжуд 20 тадан ошиқ инкубаторияда хориждан келтирилган қурт уруғлари жонлантирилиб, касаначи оилавий звеноларига етказилгани ҳолда пилла парваришининг дастлабки мавсуми қизғин паллага кирди.

Эътиборлиси, бу йилги “кумуш тола” салмоғи ўтган йилги хирмондан 660 қутига ёки 45 тоннага кўпроқ. Ҳудудда буюртмачи “Ғиждувон ипак тола” МЧЖ саъй-ҳаракати билан ҳар қутидан олинган ҳосил салмоғи ўртача 65,7 килограмга етказилган ва бу йилги кўзланган ҳосилдорлик нисбатан баракалироқ.
Шўрча маҳалласида истиқомат қилувчи Бўрон Турсунов хонадони ҳудудда намунали оилалардан бири бўлиб, мавжудл имкониятдан унумли фойдаланиб, оғилхона, томорқа маданияти билан бирга пиллакорликда ҳам катта тажрибага эга. Турсуновлар оиласи ҳалол пешона теридан барака топаётган уй хўжалиги сифатида ҳам ҳурмат-эътибор қозонган.
—Пиллачиликда 15 йиллик тажрибага эга оила сифатида мавсумда мўмай даромадга эгамиз,—дейди хонадон соҳиби, 70 ёшни қаршилаган Бўрон бобо.—Ҳар қутидан белгиланган меъёрий ҳосилни 75-80 килограмга, оилавий хирмонни 400 килограмга етказиб, 20 миллион сўмдан ошириб моддий манфаатдорликни кўзлаб турибмиз. Шу билан бирга, 8 сотихдан иборат томорқамизда деҳқончилик қилиб, чорва моллари билан бирга ихчам ҳовуз қазиб тайёрлаб, балиқчиликни йўлга қўйиб, қўшимча барқарор даромадга эга бўлмоқдамиз.
Тўрт нафар фарзандини уйли-жойли қилган, бугун эса набиралари бағрида тотув ҳаёт кечираётган бу хонадон маҳалладаги оилавий звеноларнинг ҳам пешқадами. Маҳалла томонидан кўрсатилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлаш оиланинг янада ривожланишига хизмат қилмоқда.
Дарвоқе, ҳудудда ипак қурти боқувчиларга мавсум олдидан таъминотчи томони "Ғиждувон ипак тола" МЧЖ томонидан ҳар қути ипак қурти учун 500 минг сўм аванс пули тарқатилиб, ҳосил қабул қилишда режадан ортиқча ҳар килограм пилла учун тарози бошида 50 минг сўмдан мукофот пули берилиши оилавий звенолар меҳнатига муносиб рағбатдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









