Бухорода ҳам ёш аскарлар қасамёд қабул қилди
2026-04-26 12:55:00 / Янгиликлар

Хусусан, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи Бухоро гарнизонидаги ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар ҳам Ватанга тантанали қасамёд қилди.
Давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий пенсионерлар, ҳарбийлар, муддатли ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ота-оналари, қавму қариндошлари иштирок этган маросимда сўзга чиққанвилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов Қуролли Кучларда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, халқимизнинг тинч, тўкин ҳаётини таъминлашда юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Ҳарбий мажбуриятни ўташ эса ҳар бир ўғлон учун шарафли бурч экани қайд этилди. Ватанимиз осойишталигини, халқимиз фаровонлигини таъминлашдек шарафли вазифани бажариш учун қасамёд қабул қилган аскарлар ва уларнинг яқинларини самимий табриклади.
Эътироф этилганидек, сўнгги йилларда Президентимиз – Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳарбий соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, ҳарбий қисм ва муассасалар фаолияти янада такомиллаштирилди, қўшинлар илғор қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланди, улар фаолиятига рақмли технологиялар кенг жорий этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий йилдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматчилар хизмат билан бир даврда қўшимча равишда касб-ҳунарга, хорижий тилларга, илғор ахборот технологияларига ўргатилиб, олий ўқув юртларига ўқишга киришга тайёрланиш имконига ҳам эга бўлмоқда. Бундай шарт-шароитлар Президентимизнинг ёшларга ҳарбий хизматни ўтаб бўлганидан кейин мустақил ҳаётда ўз ўрнини топиши учун қилинаётган ғамхўрликнинг яққол намунасидир.
Амалга оширилаётган бу ислоҳотлар эса армиянинг мамлакатимиз тараққиёти, тинчлиги ва барқарорлигининг ишончли кафолати, жасорат ва матонат мактаби сифатида яна бир поғона юксалтиради, албатта.
Тантанали маросимда ёш аскарлар Ўзбекистон халқига ва Президентига садоқатли бўлишга, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган талабларни виждонан бажаришга, халқ ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қасамёд қилди.
– Барча сафдошларим қатори мен ҳам қасамёд қилдим, –дейди Сурхондарё вилоятидан чақирилган муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскар Жавоҳир Зиёев. –Қасамёдгача ҳам ҳаётимда эсда қолган, сермазмун кунлар кўп бўлди. Ҳарбий ҳаётга тез кўникдим. Бу ерда биз учун барча шарт-шароит бор. Буни давлатимизнинг она юрт қўриқчиларига кўрсатилаётган юксак эътибор намунаси, деб биламан. Ана шу эътиборга муносиб бўлиб, зиммамдаги йигитлик бурчимни астойдил бажараман. Армия йигит кишини чиниқтиради, тоблайди, деган гапларнинг жуда тўғри эканига амин бўлаяпман. Чунки, хизмат даврида шижоат, фидойилик, ўзимга бўлган ишонч туйғуларини ҳис этаяпман. Энди ҳар тарафлама билимимни янада ошираман. Бунинг учун ҳарбий қисмимизда етарли қулайлик мавжуд. Биздан фақат хизматни сифатли, виждонан адо этиш, ўқиш ва ўрганиш талаб этилади, холос. Хуллас, ҳаёт мактабидан кўп нарсани ўрганишни мақсад қилганман.
Шунингдек, тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар юрт осойишталиги йўлида хизмат қилишга бел боғлаган ўғлонларга ўзларининг самимий тилакларини билдирди.
Тадбир давомида муддатли ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Президентининг совғаси — Амир Темурнинг “Темур тузуклари” ва “Ўзбекистон тарихи” китоблари тантанали тарзда топширилди.
Ҳарбий қасамёдга келтириш маросимидан сўнг, ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган қурол билан саф элементлари ва қўл жанги кўргазмали чиқишлари, Бухоро гарнизони ҳарбий оркестри жамоаси, маданият бошқармаси томонидан тайёрланган куй-қўшиқлар меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









