Ажрим - ечим эмас ёхуд оила мустаҳкамлиги учун барчамиз масъулмиз!
2026-04-25 15:40:00 / Янгиликлар

Тадбирда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова, шунингдек, соҳага алоқадор ташкилотлар мутасаддилари, нуронийлар, отинойилар иштирок этди.
Учрашувда туманда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорлик қобилиятларини шакллантириб, имтиёзли кредитлар олишларида амалий ёрдам бериш ҳамда муҳтожлик ва боқимандалик кайфияти юзага келиши олдини олиш, ажримларга йўл қўймаслик борасида амалга оширилган ишларнинг 1-чорак якунидаги кўрсаткичлари таҳлил қилинди.
Шунингдек, йиғилганларга давлатимиз томонидан хотин-қизларга берилган имтиёзлар ва имкониятлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳақида маъруза қилдилар.
Ажримни ихтиёр этган оила аъзоларини фикр қилишга, хулоса чиқаришга даъват этувчи видеоролик намойиш этилди.
Айниқса, қирқ йилдан бери ногирон эри билан яшаб келаётган, ҳаётда қанча азобу уқубатни кўрган бўлса-да бирор марта ажрим сўзини хаёлига ҳам келтирмаган Ҳамро Кароматованинг ҳаёт йўли ҳақидаги ҳикояси йиғилганларнинг ҳайратига сабаб бўлди.
Учрашув хайрли якунланди. Ажрим ёқасида турган 7 та оилалар ярашди.
Ҳақиқатан ҳам ажрим - ечим эмас! Ҳар бир синган муносабат ортида айтилмаган гаплар, эшитилмаган дардлар ва кечиккан тушунишлар ётади. Демак, гап ажрашишда эмас, балки бир-бирини яна бир бор тинглашдадир…









