Олот ва Қоракўл туманларида қўмондонлик-штаб ўқув машқлари бўлиб ўтди
2026-04-25 14:05:00 / Янгиликлар

Туманлар ҳокимликларида бўлиб ўтган тезкор штаб йиғилишларида фавқулодда ҳаракатланиш, қутқарув куч ва воситаларидан самарали фойдаланишга доир туманлар ҳокимлари—Фуқаро муҳофазаси бошлиқлари томонидан масъулларга зарур топшириқ, вазифалар белгилаб берилди. Машғулотлар давомида шартли танланган ижтимоий соҳа иншоотларида шартли зилзила ва ёнғин ҳолатлари юзага келтирилиб, уларни бартараф этишда ёнғин-қутқарув экипажлари ва ҳамкор ташкилотлар амалий ҳаракати синовдан ўтказилди.
Шунингдек, фавқулодда вазиятларда аҳолини ҳимоя қилиш, тезкор чоралар кўриш ва оқибатларни камайтириш бўйича муҳим тажрибалар амалда синовдан ўтказилиб, қўмондонлик штаб ўқув машқлари механизaциялашган йиғма команданинг саф кўриги ўтказилди.
Қўмондонлик штаб ўқув машқлари давомида "Дўстлик" ва "Халифа" маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси зилзила вақтида вақтинчалик хавфли ҳудуддан хавфсиз ҳудудга, яъни, чодирли шаҳарчага эвакуация қилинди. Чодирли шаҳарчада уларга ҳаёт учун зарур бўлган барча шарт-шароит яратилган бўлиб, ётоқхона, овқатланиш хонаси, она ва бола хонаси, тиббиёт хонаси, психолог хонасида уларга бирламчи зарур ёрдамлар кўрсатилди.
Шунингдек, Олот ва Қоракўл туманларида ўтказилган қўмондонлик штаб ўқув машқлари доирасида "Аму-Бухоро-2" насос станциясида ва "Merganteks Shoyigul" МЧЖда техноген фавқулодда вазиятлар, ёнғин содир бўлганда раҳбарият, қутқарув хизматлари ва тузилмаларининг ҳамкорликдаги махсус-тактик ҳаракатлари синовдан ўтказилди. Мазкур ўқув машғулотлари фавқулодда вазиятларда тезкор ва самарали ҳаракат қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган.
Қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларининг сўнгги кунида Олот туман ҳокимлиги йиғингоҳида ўқув машқларининг якуни туманлар ҳокимлари ҳамда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Шукурилло Аюбов, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар масъул мутасаддилари иштирокида муҳокама қилинди. Ўқув машғулотлари ташкилий жиҳатдан юқори баҳоланган йиғилишда фаол иштирок этган бир гуруҳ ходимлар муносиб рағбатлантирилди. Якунда Олот тумани фавқулодда вазиятлар бўлимига янги “Chevrolet Cobalt” русумли хизмат автомобили топширилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






