Олот: “Бўрибек Чандир” маҳалласидаги Тоҳир Қурбонов уй хўжалигида ҳам қут-баракага эришилмоқда
2026-04-24 18:35:00 / Янгиликлар
“Бўрибек Чандир” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Тоҳир Қурбонов томорқачиликда ҳам катта тажрибага эга, омилкорлиги билан кўпчиликка ибрат бўлаётган юртдошларимиздан. Хонадон соҳиби тасарруфидаги атиги 15 сотих экин еридан “хазина” топганлардан десак, муболаға эмас.

Негаки, томорқа ерида барпо қилинган 2 сотихли иссиқхонадан йилнинг тўрт фаслида камида уч марта, помидор, бодринг, булғор қалампири, пиёз, исмалоқ, кўкатлардан мўл ҳосил олинаётган бўлса, эрта баҳордан 2 сотихдан иборат иссиқхонада бодринг, 3 сотихли очиқ майдонда эса картошка етиштирилмоқда. Бу ҳадемай 1 тоннадан ортиқ картошка, деярли 4 тонна бодринг ҳосили дегани. Шу кунларда картошка гулга кирган бўлса, сара бодринг ҳосилидан 1 тоннадан кўпроғи узиб олиниб, маҳалладошлар дастурхонига тортиқ қилинган.
—Ўзим пенсионерман, аммо оила аъзоларим кўмагида ҳовли этагидаги экин ери билан “тиллашиб”, ҳар қаричидан самарали фойдаланишга ҳаракат қиламиз, — дейди намунали томорқачи Тоҳир Қурбонов. — Рўзғоримиз кам-кўстини тўлдириб, 5 сотих жойда пиёз, яна 3 сотих ерда сабзи етиштираяпмиз. Экишдан олдин албатта, экин ерини маҳаллий ўғит билан тўйинтирганимиз, суғориш, керак бўлса, биологик усулда дорилашгача ўзимиз олиб боришимиз туфайли кўриб турганингиздек, ҳар бир пайкалда ҳосил баравж ривожланмоқда. Қолаверса, томорқа ва иссиқхона четлари, челларини ҳам бўш қолдирмасдан, булғор қалампири, саримсоқпиёз, бақлажон экиб етиштиряпмиз.
Бу хонадон эгалари ҳовли чеккасидан бир сотих ерда чоғроққина ҳовуз қазиб тайёрлаб, интенсив усулда балиқ етиштиришни ҳам йўлга қўйишган. Айни пайтда ҳовузда оддий бир челакда балиқ чавоғи ташлаб парваришланса, ярим йилдан сўнг ҳар бири 1,5 килограм тош босадиган “луқмаи ҳалол”га айланади. Шунинг ўзи 1 тонна балиқ дегани. Аммо халқимизда “ҳолва деган билан оғиз чучимас” деган гап бежиз айтилмаган. Балиқ боқишнинг ҳам ўзига хос қийинчилиги бор.
Ҳозирда бу ҳовузда оқ амур ва зоғора балиқ чавоқлари ташлаб парваришланмоқда. Шу билан бирга, оила аъзолари паррандачиликка ҳам эътибор қаратгани ҳолда ҳовли этагидан катак тайёрлаб, бир неча йилдирки, ўзлари эҳтиёжлари учун товуқ парваришлаб келишмоқда.
Шу ўринда баъзи маълумотларга назар солсак, ўтган йили туманда мавжуд 4 минг 471 гектар аҳоли томорқасида 52 минг 457 тонна эртанги сабзавот-полиз маҳсулоти, чунончи, 570 гектарда 4 минг тоннадан ортиқ картошка, шунингдек, 502 гектарда 8 минг тонна атрофида помидор, 171 гектарда 3 минг 158 тонна сабзи, 580 гектарда 11 минг тонна атрофида пиёз етиштирилган.
Қолаверса, 1 минг гектардан ортиқ ерда 40 минг тоннага яқин қовун-тарвуз ва ошқовоқ етиштирилган. Жорий йил эрта баҳор мавсумида эса биргина деҳқон хўжаликларининг 166 гектарида картошка, умумий ҳисобда 833 гектар майдонда пиёз, булғор қалампири, помидор, бодринг, карам, бақлажон ва бошқа сабзавот маҳсулотлари экиб парваришланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








