Бухоро тумани: жорий мавсумда “жонлантирилган” 4317 қути ипак қуртидан баракали ҳосил кўзланмоқда
2026-04-24 18:30:00 / Янгиликлар
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини кенгайтиришда пиллачилик тармоғи ҳам алоҳида ўрин тутади. Негаки, ҳар йилги мавсумда тажрибали пиллакорлар, касаначи оилавий звенолар ҳиссаси билан саноат учун қимматбаҳо хом ашё етиштирилиб, иқтисодиётга муносиб улуш қўшилмоқда.

Бухоро туманида жорий мавсумда масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Romstar” корхонаси томонидан 2900 нафардан ортиқ касаначи билан шартнома тузилиб, инкубаторияда “жонлантирилган” 4317 қути ипак қурти ўз вақтида касаначи ва оилавий звеноларга етказиб берилган. Ҳадемай, улар меҳнати билан 270 тоннага етказиб “кумуш тола” етиштириш мақсад қилинган.
“Муғонча” маҳалла фуқаролар йиғини, Аламдор қишлоғида фаолият юритаётган корхона ишлаб чиқариш қувватларига тўхталсак, Хитой технологияси асосида йил бўйи 150 тонна хом ипак тола ишлаб чиқариш имкониятига эга. Таҳлилларга қараганда, “Romstar” корхонасида 2020 йилда 64 тонна ипак тола қайта ишланиб, маҳсулот экспорти натижасида 2 миллиард 358 миллион сўм соф фойдага эришилган бўлса, 2024 йилда 135 тонна ва 2025 йилда 140 тонна “кумуш тола” конвеерга, қайта ишлашга йўналтирилган. Худди шундай, буюртмачиларга етказилган ипак тола эвазига ўтган йилда қарийб 4,3 миллиард сўм соф фойда қўлга киритилган.
“Romstar” корхонасида мавсум давомида 400 нафар ишчи доимий иш билан таъминланса, қурт боқувчилар билан биргаликда бу кўрсаткич 700 нафаргача етади. Ишлаб чиқариш жараёнига жалб этилган замонавий ускуналар нисбатан самарали ишлайди. Корхонанинг Қумработ маҳалласидаги уруғ ишлаб чиқариш биолабораториясига келсак, цех янги технологик линия 100 нафардан ортиқ ишчи-мутахассисга эга бўлади.
Шу кеча ва кундузда Деҳча ва Софикоргар маҳаллаларида ҳам ипак қурти парвариши жадал бошланган. “Жонлантириш” жараёнидан кейин ипак қурти оилавий звеноларга тарқатилган. Ҳудудда агротехник талабларга қатъий риоя этиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳамда ҳосилдорликни оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, пиллакорлар учун агрономлар бириктирилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









