Бухоро тумани: умумтаълим мактаби бўш турган биноларида тадбиркорлик цехлари ташкил қилинмоқда
2026-04-23 18:00:00 / Янгиликлар

Якка тартибда даромад топаётганлар билан бирга ҳудудда томорқадан самарали фойдаланиш борасида катта тажриба тўпланган, айни кунда 70 гектардан ошиқ ерда деҳқончилик қилиб, баракали маҳсулот етиштириб келинмоқда.
Маҳаллада фаолият юритаётган 3-сонли умумтаълим мактаби 640 ўринга мўлжалланган бўлиб, бугунга келиб мазкур таълим даргоҳида 600 нафардан ортиқ ўқувчи ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Таълим муассасасида ўқув жараёнини самарали ташкил этиш билан бирга, мавжуд инфратузилмадан оқилона фойдаланиш бўйича ҳам ибратли тажриба ўзлаштирилмоқда.
Хусусан, мактаб директори ташаббуси билан ҳудудда бўш турган бинолар ташаббускор тадбиркорларга ижарага берилган. Бу хайрли иш натижасида бўш турган биноларда қатор кичик ишлаб чиқариш йўналишлари йўлга қўйилиб, қўшимча иш ўринлари яратилмоқда.
Жумладан, тикувчилик, тухум қадоқлаш, ширинликлар тайёрлаш, шунингдек, нон ва нон маҳсулотлари пишириш цехлари фаолияти ташкил этилгани туфайли бугун бу ерда ўндан ошиқ фуқаронинг бандлиги ва даромади таъминланаётгани ҳолда аҳолига маиший хизмат кўрсатилмоқда.
Таълим масканидаги бу тажриба “мактаб–таълим ва бандлик маркази” тамойили асосида самарали натижа бераётган ижобий ташаббуслардан бири. Аҳамиятлиси, бу лойиҳалар доирасида мактаб битирувчилари ҳамда маҳаллада ишсиз бўлган ўнга яқин хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









