Когон: дастлабки ҳосилдан 20 миллион сўмдан ошириб фойда кўзланган
2026-04-23 17:15:00 / Янгиликлар

Айтиш жоизки, ҳудуддаги маҳалла ва қишлоқларнинг барчасида, жумладан, “Ниёзҳожи” МФЙ да 156, "Баҳоуддин Нақшбанд" маҳалласида 152, “Туткунда” маҳалласида 155, “Ўба Чўли” маҳалласида 144, “Сорғун” маҳалласида 115, “Хўжа Якшаба” маҳалласида 138, “Тунироқ” маҳалласида 118, “Ҳукуматобод” ҳамда “Сиёзпоён” маҳаллаларида 102 гектардан экин ерлари сабзавот, полиз ва дуккакли, мойли маҳсулотлар етиштириш учун ажратилган бўлиб, улардаги иссиқхоналар ва очиқ экин ерларида деҳқончилик ишлари мунтазам бораётганини кўриш мумкин.
Айни кунда Тараққиёт маҳалласида яшовчи Саъдуллаевлар хонадони ҳам томарқадан самарали фойдаланиб, рўзғор эҳтиёжини қопламоқда. Тараққиёт маҳалласининг Брешим қишлоғида истиқомат қилувчи Ғайрат Саъдуллаев мавсумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ўтган йили “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида ажратилган банк имтиёзли кредит маблағидан оқилона фойдаланиб, томорқасида иссиқхона барпо этган.
Иссиқхона 4 сотих ердан иборат бўлиб, унда эрта баҳор кунларидан помидорнинг юқори ҳосилдорлиги, бозорбоплиги билан ажралиб турадиган “bella” нави етиштирилмоқда. Уч ойлик меҳнат маҳсули сифатида хонадон аҳли ҳадемай бу иссиқхонадани 2 тоннадан ошириб помидор олиш ҳаракатида. Хомчўтга биноан, бундан 20 миллион сўмдан ошиқ фойда кўзланмоқда. Муҳими, иссиқхонада йил давомида камида уч марта ҳосил етиштирилаётгани, эҳтиёждан ортгани маҳалладошлар дастурхонига тортиқ қилинаётгани ортидан барқарор даромадга эришилмоқда.
Шу билан бирга, Саъдуллаевлар хонадони меҳнаткашлари томорқа ерининг 2 сотих қисмида саримсоқпиёз, яна бир қисмида кашнич, шивит, исмалоқ каби кўкатлар экиб етиштириб, қўшимча даромадга эришмоқдалар. Умуман, Ғайрат Саъдуллаевнинг деқончиликдаги фаолияти, ихчам томорқадан унумли фойдаланишдаги тажрибаси, қўлга киритилаётган моддий манфаатдорлиги тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириб, бошқа оилалар ва томорқачилар учун ибрат-намуна десак, муболаға эмас.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





