Мебелсозлик соҳасида Туркия компанияси билан ҳамкорлик қилинади
2026-04-22 18:50:00 / Янгиликлар

Мулоқот чоғида мебелсозлик соҳасида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутган ҳолда, турк компаниясининг Бухородаги фаолиятини йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Туркия томони компаниянинг фаолияти ҳамда яқин келажакдаги режалари ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, Ўзбекистонда ишлашга қизиқиш билдириб, кўриб чиқилаётган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишнинг амалий жиҳатлари устида иш олиб бориш учун яқин ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди.
Шундан келиб чиқиб, Бухорода ўзаро тенг манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, замонавий технологияларни олиб келиш, мебель ишлаб чиқаришда тажриба алмашиш ҳамда маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалари доирасида Бухоро вилоятида инвестицион лойиҳани амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, туркиялик ишбилармонлар мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар, инфратузилмани такомиллаштириш ва ислоҳотлар натижаларига юқори баҳо бериб, кенг кўламли ўзгаришлар катта таассурот қолдирганини таъкидладилар.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш, аниқ таклифлар ва механизмларни ишлаб чиқиш ҳамда кейинги музокараларни давом эттириш масалалари юзасидан келишиб олдилар.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, «Burano mebel» офис мебеллари ва жиҳозларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Компания ишлаб чиқариш жараёнларига Туркия, Германия ва Италиянинг илғор технологияларини кенг жорий этган. Компания маҳсулотлари нафақат Туркия бозорида, балки Яқин Шарқ ва Европа мамлакатларига ҳам кириб борган.
Мазкур компания билан ҳамкорлик Бухоро вилоятида мебелсозлик саноатини янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








