Пешку: “Мунира ая” фермер хўжалигида чорвачиликка оид кўргазмали семинари ўтказилди
2026-04-22 13:45:00 / Янгиликлар

Ҳайвонлар ва одамлар учун ўта хавфли бўлган куйдирги, қутуриш, бруцеллёз, оқсил ва “Қрим-Конго” гемморагик иситмаси каби юқумли касалликларнинг келиб чиқиши, олдини олиш ва қарши курашиш тўғрисида аҳоли ва фермер хўжаликлари ўртасида доимий равишда тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Ойлик доирасида Пешку тумани, “Садир” МФЙ даги “Мунира ая” фермер хўжалигида ҳам чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари раҳбарлари, чорвадорлар ҳамда мутахассислар иштирокида кўргазмали ўқув семинари ташкил этилди.
Унда қатнашган фермер ва чорвадорлар бугун ветеринария хизматига қўйилаётган талаблар, тармоқ ишини ривожлантиришдаги янгилик ва ўзгаришлардан хабардор бўлдилар. Наслли қорамоллар улушини ошириш, илмий асосдаги парваришлаш тизимини жорий этиш, қолаверса, бу жараёнда озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли саломатлиги, экологик барқарорлик қатъий талаб, меъзон эканлиги таъкидланди.
—Бугунга келиб туманда аҳоли хонадонлари, фермер ва деҳқон хўжаликларида боқилаётган йирик шохли чорва моллари сони 132 минг бошдан зиёд бўлиб, шундан 42 250 боши соғин сигир, 97 минг бошдан ошиғи бўрдоқига боқилаётган қорамоллардир,—дейди туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Завқиддин Қурбонов.—Айни кунда ҳудудда чорвачиликка ихтисослашган 36 та фермер хўжалиги фаолият юритаётган бўлиб, уларда 3200 бошдан ошиқ қорамол, 12 минг бошдан кўпроқ қўй-эчки парвариш қилинмоқда. Аҳоли уй хўжаликларида боқилаётган қўй-эчки сони билан қўшганда, ҳозирда туман миқёсида парваришланаётган майда шохли чорва сони 296 минг бош атрофида.
Ҳудудда чорвачилик йўналишидаги “Агрокластер сервис” МЧЖ, “Қалаймиришкор баҳори”, “Садиров”, “Мовий осмон замини”, “Тўра” каби фермер хўжаликларида туёқ сонини кўпайтириш, парваришни яхшилаш, маҳсулдорликни ошириш чоралари кўрилмоқда. Бу хўжаликларга ўтган йили хориждан “Golshteyn”, “Smental”, “Angust”, “Gererford” каби наслдор қорамоллардан 750 бош харид қилиб келтирилган ва зооветеринария талаблари асосида парваришланмоқда.
Маҳсулдорликни ошириш мақсадида ўтган йили Монголиядан “Bayad” зотига мансуб қўйлар олиб келиниб боқилмоқда. Қолаверса, шу кунда туманда аҳоли хонадонлари билан биргаликда ихтисослашган хўжаликларда парваришланаётган парранда сони 178 бошдан кўпроқ.
Семинарда хўжаликларда ветеринария-санитария маданиятини ошириш, замонавий биохавфсизлик чораларини жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, фермаларга кириш жойларида дезинфекция тўсиқларини ташкил этиш, транспорт воситалари ва ишчи ходимлар учун санитария назоратини йўлга қўйиш, касаллик аломатлари аниқланган ҳайвонларни дарҳол ажратиш ва зарарсизлантириш лозимлиги таъкидланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









