Шофиркон: Холовлар иссиқхонасида 1,5 гектардан 300 миллион сўм моддий манфаатдорлик кўзланмоқда
2026-04-22 13:30:00 / Янгиликлар
Ҳар йили деҳқончилик мавсумида шофирконлик деҳқон миришкорлар 490 тонна узум, 1 минг 500 тоннадан зиёд сабзавот, 330 тонна полиз, 935 тонна атрофида картошка етиштириб, элимиз дастурхонига тортиқ этадилар. Албатта, бу ҳосил салмоғи жорий йилда бултургидан анча салмоқли бўлиши учун эрта баҳордан катта тараддудга киришилган.

Томорқа ер эгалари, деҳқон ҳамда боғдорчилик хўжаликлари томонидан ўтган йилги деҳқончилик мавсумида туман боғларидан олинган мева салмоғи 5 минг 800 тоннадан ортиқни ташкил қилган бўлиб, бу хирмон ўтган йилга нисбатан қарийб 2,5 минг тоннага кўп демак.
Кейинги йилларда туманда иссиқхона хўжаликлари сафи кенгайиб, маҳсулот етиштириш салмоғи ошиб бораётгани аҳоли истеъмоли учун талаб ва эҳтиёжни қондиришда айни муддао. Бу борада кўп йиллик тажрибага эга миришкорлардан бири Мирзоҳид Холов ҳам оила аъзолари, меҳнат жамоаси билан биргаликда мавжуд 1,5 гектардан иборат экин еридан унумли фойдаланиб, такрорий баракали ҳосил етиштириб, юқори даромадга эришмоқда.
Айни кунда илғор деҳқон хўжалиги раҳбари сифатида Мирзоҳид Холов тасарруфидаги ерда ҳар бири 5 сотихдан иборат 4 та иссиқхона фаолиятини ташкил этиб, баракали ҳосил етиштирмоқда. Шу кунларда бу иссиқхоналарда 3 минг туп помидор ва 1300 туп бодринг парваришланмоқда. Бу кўчатларнинг ҳар биридан пишиқчилик мавсумида 3-4 килограмга етказиб ҳосил олиш кўзланган. Бу қарийб 9 тонна помидор ва 5 тоннага яқин бодринг деганидир. Қолаверса, эрта баҳорда аҳоли томорқалари учун помидор кўчатини етиштириб тарқатиш ҳам йўлга қўйилгани хўжаликка қўшимча фойда.
Иссиқхона ерининг бир қисмида серҳосил навларга мансуб картошка етиштирилаётган бўлиб, ҳадемай 2,5 тоннага етказиб хирмон кўтариш мақсад қилинган. Ҳосил саранжомланганида бир хўжаликнинг картошкадан 25 миллион сўм атрофида даромад олиш имконияти бор.
Иш бошида ташаббускор томонига осон кечмаган, албатта. Ииссиқхонани барпо этиш, ер тайёрлаш, минерал ўғит киритиш, уруғ танлаш, экиш ишлари учун ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси кўмагида банкдан 130 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи олингани жуда қўл келган. Сармоя мақсадли сарфлангани, экин еридан мўл ҳосил олинаётгани ҳисобидан жорий деҳқончилик мавсумида хўжалик 300 миллион сўм атрофида даромад олиши режалаштирилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









