Туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ва ҳоким ёрдамчилари Ғузор туманида бўлдилар
2026-04-22 11:40:00 / Янгиликлар

Қўшни вилоят туманида камбағалликни қисқартириш, оилаларга даромад манбаини яратиш, аграр тармоқдаги истиқболли лойиҳалар билан яқиндан танишиш мақсадида ташкил қилинган бу сафарда Бухоро делегациясини Ғузор тумани ҳокими Бекзод Суюнов бошчилигидаги мутасаддилар кутиб олдилар.
Ўрганишлар туманнинг “Даштобод” маҳалласида аҳоли томорқа ерлари, деҳқон хўжаликларини кўздан кечиришдан бошланди. Ҳудудда помидор, сабзи, булғор қалампири, шолғом, шунингдек, чорва учун озуқабоп маккажўхори етиштириш лойиҳаларига эътибор қаратилди. Айни кунда даштободлик томорқачиларнинг 1 гектар ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришдаги тажрибаси катта қизиқиш уйғотди.
Аграр тармоқдаги иш услубига кўра, 1 гектар ерда чорва учун озуқабоп маккажўхоридан кўра сабзавот-полиз етиштириш бир неча каррага фойдалироқ. Масалан, 1 гектар ерда атиги 400 минг сўм сарфлаб, маккажўхори экиб, якунда 3 тонна атрофида маккажўхори олиш мумкин экан. Бу ўртача 16 миллион сўм даромад дегани.
Ҳолбуки, шу ерда 30 миллион сўм харажат қилиб, 70 тонна помидор етиштириш ва пировардида 180 миллион сўм фойда кўриш, шунингдек, 12 миллион сўм сарфлаб, 50 тоннагача булғор қалампири етиштириш ва бундан 110 миллион сўм атрофида моддий манфаатдорликка эришиш тажрибадан аён. Бошқача айтганда, 1 гектар ерда 9 миллион сўм харажат қилиб 55 тоннагача сабзи, 6 миллион сўм сарф қилиб 60 тоннагача шолғом етиштириш ва 110-120 миллион сўм атрофида соф фойдани қўлга киритиш мумкин. Сарф-ҳаражат асосан ер тайёрлаш, маҳаллий ёки биогумус ўғити, минерал дорилар, сара уруғ танлаш ва механизмларга, ишчи кучига сафарбар қилинади.
Ҳозирда Даштобод маҳалласида аҳоли томорқаси 250, деҳқон хўжаликлари ери 239, фермер хўжаликлари ер майдони 111 гектарни ташкил этган бўлиб, эрта баҳордан жами помидор етиштирилаётган экин ери 700 гектарни ташкил этмоқда. Ҳудудда сабзи ва шолғом экиб етиштирилаётган ер майдони 400 гектарни, булғор қалампири етиштирилаётган майдон эса 60 гектардан ошиқ.
Ғузор туманида “Yangi yo’l Agrostar” МЧЖ лойиҳаси асосида 10 та маҳаллада кооперация усулида 200 гектардан ошиқ ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, айни кунда помидор етиштиришга эътибор кучайтирилган. Бунда 187 гектар фермер хўжаликлари ери, 10 гектар аҳоли томорқаси, 3 гектар тажриба майдони ҳисобланади. Муҳими, жараёнда 200 дан ошиқ аҳоли вакили бандлиги таъминланади ва етиштириладиган ҳосил салмоғи 1400 тоннадан ортиқни ташкил этади. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳосил саранжомлаб олингач, 6 миллиард сўм атрофида моддий манфаатдорликка эришиш мумкин.
Шу билан бирга, бухоролик масъуллар ғузорлик маҳаллий аҳоли томорқалари, уй хўжаликларида бўлишиб, меҳнат фаолияти билан яқиндан танишдилар. Жумладан, Гулистон маҳалласида Дилшода Норқобилованинг қўзиқорин етиштириш тажрибаси уларни бефарқ қолдирмади. Бунинг учун ҳудуддаги 2-сонли умумтаълим мактабининг бўш ётган бир нечта хонаси ижарага олиниб, иш бошланган.
Ҳозирда 1 мингтага яқин қопчаларда қўзиқорин етиштираётган омилкор аёл бир йилда 3 марта ҳосил етиштиришнинг уддасидан чиқмоқда. Хонадон соҳибасининг айтишича, бир қопчадан уч ойда 4 килограмдан ошириб қўзиқорин олиш, бунда бир мавсумда 4 тонна сара маҳсулот етиштириш тажрибадан маълум. Бундан кўринадики, бир йиллик меҳнат маҳсули 12 тоннадан ошиқ қўзиқорин етиштириб, бундан 400 миллион сўмгача даромад топиш мумкин экан.
Шу куни вилоятимиз ишчи гуруҳи аъзоларига маҳсулот етиштириш, парваришлаш, самарадорлик кўрсаткичлари хусусида батафсил маълумот берилди. Хизмат сафари давомида икки ҳудуд вакиллари камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтириш борасида ўзаро тажриба алмашдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







