Олот: Рўзиевлар оиласи эртанги сабзи ҳосилидан 50 миллион сўм даромад олмоқда
2026-04-21 09:25:00 / Янгиликлар

Томорқачиликда катта тажрибага эга меҳнаткашлардан бири Зокир Рўзиев ҳам "Ғанчи Чандир" маҳалласида истиқомат қилади. Ўтган йили Арабхона маҳалласидан узоқ муддатли ижара асосида 30 сотих ер майдонини тасарруфига олган Зокир ака ернинг 5 сотих қисмида иссиқхона ташкил этишга киришди. Бу ишни амалга ошириш учун унга маҳалла маъмурияти, ҳоким ёрдамчиси кўмагида банк имтиёзли кредит маблағи асосида 16,5 миллион сўм маблағ ажратилгани қўл келди.
Бу иссиқхона ҳозирча иситиш тармоғига эга бўлмасада унда плёнка остида пешма-пеш сабзавот-полиз миаҳсулотлари етиштириш тажрибаси шаклланмоқда. Зокир Рўзиев эрта баҳордан иссиқхонасида сабзи етиштириб келмоқда. Яхши биламизки, сабзи совуққа чидамли экин бўлиб, тўғри агротехника асосида парвариш қилинса, юқори ҳосил беради. Қиш ойларида сифатли уруғ ва зарур минерал ўғит 2 миллион сўмга харид қилиниб, иссиқхона ери обдон тайёрланиб, экилган.
—Меҳнат кишини муҳтожликдан қутқаради дея бежиз айтилмаган. Оиламизда ногиронлиги бор, жисмоний имкониятимиз чекланганига қарамасдан, экин еримизда ишлаб, деҳқончилик билан шуғулланиб, пешона теримизга яраша ҳосил йиғиштириб олмоқдамиз,—дейди томорқачи Зокир Рўзиев.—Албатта, ўз меҳнатинг мевасини ейиш, унинг тотли таъми, завқи бошқача бўлади.
Хонадон соҳибининг айтишича, айни кунда иссиқхонада 6 тоннага яқин, яъни, 6–7 минг боғ эртанги сабзи етиштирилган. Ҳар бир боғда ўртача 6–8 дона сабзи бўлиб, бозорда 10 минг сўмдан сотилмоқда. Бу эса бир мавсум давомида нафақат олинган кредитни тўлиқ ёпиш, балки қарийб 50 миллион сўм даромад олиш имконини бермоқда. Мазкур хонадонда яна 1 сотих иссиқхонада помидор ва бодринг ниҳоллари парваришланмоқда. Очиқ майдонда эса 3 сотих атрофидаги ерда картошка етиштирилмоқда. Бундан ҳадемай 1 тоннадан ошиқ маҳсулотни ковлаб олиш мақсад қилинган.
Буларга қўшимча хонадон миришкорлари ҳовли этагидаги оғилхонани ҳам обод қилиб, 3-4 бош қорамол, соғин сигир, қўй-қўзи боқиб, рўзғор кам-кўстини тўлдиришмоқда. Айтиш жоизки, ҳалол меҳнат туфайли бир оиланинг томорқадан олинаётган сабзавот маҳсулотлари билан бирга сут, қатиқ, қаймоқ, қолаверса, гўштга бўлган кундалик эҳтиёжи қондирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









