Она тилимизга бағишланган янги китоблар тақдимоти
2026-04-20 17:15:00 / Янгиликлар

Тақдимотда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Акбар Рустамов, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси бош мутахассиси Гулжамол Тўйчиева, ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти етакчи илмий ходими, филология фанлари доктори Зоҳида Муқимова, олима Б. Жўраева ушбу китобларнинг халқимиз маънавий салоҳиятини ошириш, Алишер Навоий ижодий мероси билан яқиндан танишиш, она тилимиз бой имкониятлари англашдаги аҳамияти батафсил тўхталишди.
Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлигида мамлакат зиёлилари ташаббуси билан нашрга тайёрланиб чоп этилган «Алишер Навоий» энциклопедияси кўп йиллик орзунинг ушалиши, десак муболаға бўлмайди. Зеро, кейинги йилларда буюк бобокалонимизнинг ижодига бўлган қизиқиш янада кучайди. Унинг асарлари тадқиқига эътибор ошмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ижроси доирасида амалга оширилган бу иш навоийшуносликнинг кўплаб долзарб масалаларига ойдинлик киритиб бериши билан аҳамиятлидир.
Мазкур тўрт жилдлик нашр 1985 саҳифадан иборат бўлиб, унга 78 нафар ўзбекистонлик навоийшунос, ёш тадқиқотчи, туркиялик ва озарбайжонлик олимнинг мавзуга оид 3 мингдан ортиқ энциклопедик мақолалари киритилган.
Қолаверса, унда қизиқарли ахборотлар, ўзига хос ёндашувлардан ташқари, навоийшунос олимлар тўғрисида ҳам маълумотлар берилган. Бу ёш тадқиқотчилар учун дастуруламал вазифасини ўтайди.
Янги нашр этилган «Ўзбек тили омонимлари луғати» китоби эса 1984-йилги нашрига нисбатан нафақат лексик омонимлар сони кенглиги ва изоҳлари такомиллаштирилганлиги, балки бунда фразеологик ва аффиксал омонимлар ҳам киритилганлиги билан фарқ қилади.
Тақдимотда сўнггида фаол иштирокчиларга китоблардан намуналар тақдим этилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









