Бухорода “Йил ҳамшираси – 2026” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди
2026-04-20 16:55:00 / Янгиликлар
12 май – Халқаро ҳамширалар кунига бағишлаб “Йил ҳамшираси – 2026” кўрик-танловининг Бухоро вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди.

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда Ўзбекистон Ҳамширалар ассоциациясининг 2026 йил 3 февралдаги қўшма қарорлари ижроси доирасида Бухоро вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси, касаба уюшмаси вилоят кенгаши ва ҳамширалар ассоциацияси ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ўтказилди.
Танловда соғлиқни сақлаш муассасаларида фаолият юритаётган малакали ўрта тиббий ходимлар иштирок этиб, ўз билим ва кўникмалари, касбий маҳорати ҳамда фидойилигини намоён этдилар.
Танловда соғлиқни сақлаш муассасаларида фаолият юритаётган малакали ўрта тиббий ходимлар иштирок этиб, ўз билим ва кўникмалари, касбий маҳорати ҳамда фидойилигини намоён этдилар.
Вилоят босқичи доирасида қатор йўналишлар бўйича кўрик-танловлар ўтказилди. Жумладан, “Ҳамшира–2026” танловида 9 нафар иштирокчи, “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” танловида 15 та номинация бўйича ғолиблар, “Патронаж доя – аёл саломатлиги таянчи” танловида 14 нафар, “Менинг онам ҳамшира” расмлар танловида 14 нафар ҳамда “Йилнинг энг яхши IT оператор – ҳамшираси” танловида 13 нафар иштирокчи қатнашди.
Танлов якунларига кўра энг муносиб иштирокчилар аниқланиб, ғолиб ва совриндорлар тақдирланди. Бунда касбий маҳорати, бой тажрибаси, билимига мувофиқ фахрли 1-ўринни вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлими ҳамшираси Исоқова Шахноза Аҳад қизи эгаллаб, кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Фахрли 2-ўрин республика Шошилинч тиббий ёрдам маркази Бухоро филиали болалар реанимацияси ҳамшираси Ибодова Мақсуда Убайд қизига насиб қилган бўлса, фахрли 3-ўринга Бухоро шаҳар туғруқ комплекси ҳамшираси Каримова Мафтуна Тўймуродовна лойиқ деб топилди.
Шунингдек, иштирокчилар “Йилнинг энг яхши ҳамшираси”, “Йилнинг энг яхши тиббий бригада ҳамшираси”, “Йилнинг энг яхши муолажа ва эмлаш ҳамшираси”, “Йилнинг энг яхши операция хонаси ва блоки ҳамшираси”, “Йилнинг энг яхши тез тиббий ёрдам станцияси ҳамшираси”, “Йилнинг энг яхши шошилинч тиббий ёрдам ҳамшираси”, “Йилнинг энг яхши катта ҳамшираси”, “Йилнинг энг яхши дояси”, “Йилнинг энг яхши болалар ҳамшираси” каби номинациялар бўйича ҳам тақдирландилар.
Мазкур танлов ўрта тиббий ходимларнинг касбий салоҳиятини ошириш, уларнинг меҳнатига муносиб баҳо бериш ва соҳа нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







