Қоракўл: “Соҳилбўйи” дам олиш масканида ободонлаштириш ишлари авжида
2026-04-20 10:45:00 / Янгиликлар
“Зарбдор тажрибаси” асосида “Хўжалар” маҳалла фуқаролар йиғинида “Соҳилбўйи дам олиш маскани” қурилаётгани кўпларни мамнун қилди. Замонавий савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар масканларни ташкил этиш бўйича изчил давом эттирилаётган “Соҳил бўйи” лойиҳаси доирасида туман марказидан оқиб ўтувчи “Аму-Қоракўл” канали ўзанининг 2,5 километр узунликдаги қисми бетонлаштирилди. Шунингдек, 1,1 километр ҳудудда савдо ва хизмат кўрсатиш обектлари қурилмоқда.

Аҳоли кўнгилли ҳордиқ чиқаришига мўлжалланган масканда меҳмонлар ва хорижий сайёҳларга савдо ва маиший хизмат кўрсатилиши баробарида, ҳудуд микроиқлимини шакллантиришда ҳам ўз ўрнига эга бўладиган мазкур лойиҳа майдонида 30 дан ортиқ тадбиркорлик субектининг иш бошлаши кўзда тутилган бўлиб, ҳозирда 14 та обектда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жадал бормоқда. Бунда тижорат эгалари ва меҳмонлар учун қатор савдо ва сервис, кўнгилочар хизмат турлари таклиф этилаётгани баробарида 100 нафарга яқин янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, сайлгоҳ атрофида яшил ҳудудларни кенгайтириш мақсадида майсазорлар барпо этилиб, турли манзарали дарахт ва буталар ўтқазилмоқда. Яшил қопламаларни ётқизиш ишлари изчил давом эттирилиб, ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш, тоза ҳаво муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, туманнинг марказий кўчаларидан бири бўлган Улуғбек кўчасида ҳам кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Кўча бўйлаб ранг-баранг гул кўчатлари ўтқазилиб, манзарали композициялар яратилмоқда. Бу эса нафақат кўча ташқи қиёфасини кўркам қилиш, балки аҳолининг кайфиятини кўтариш омили ҳамдир.
Бир сўз билан айтганда, Қоракўл тумани марказида олиб борилаётган ободонлаштириш ва янгиланишлар ҳудудни янада обод, кўркам ва яшаш учун қулай масканга айлантиришга хизмат қилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









