Бухоро тумани: “Дўстлик” маҳалласида Раҳматовлар оиласи ҳам томорқада мўл ҳосил етиштирмоқда
2026-04-20 10:20:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Айни кунда “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида 843 та оила, 675 дан ортиқ хонадон бўлиб, уларда жами 3 минг 700 дан ошиқ аҳоли вакили истиқомат қилиб келмоқда. Маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш, томорқалардан самарали фойдаланиш борасида айни пайтда 70 гектардан ошиқ ерда деҳқончилик қилиб, баракали маҳсулот етиштириб келинади.

Ҳудудда томорқачилик маданиятини шакллантираётган ташаббускорлардан бири Равшан Раҳматов бўлиб, у кўп йилдирки, томорқа ерида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштиришда пухта тажрибага эга. У ва оила аъзолари меҳнати ва интилиши туфайли томорқа барқарор даромад манбаига айланган.
Маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияси асосида банкдан 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағини олиб, фаолиятини кенгайтирган тадбиркор куз ва баҳор мавсумларида деҳқон хўжалигида 70 минг дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштириб, аҳолига сотишга эришди. Миришкор хонадон соҳиби яна 30 сотих ер майдонида серҳосил узум навларига хос токзор боғ барпо этиб, қаламчадан кўчатлар ўстириб, ишини ривожлантирмоқда. Бу нафақат оилага даромад, балки ҳудудни кўкаламзорлаштиришга ҳам муносиб ҳисса қўшилаётгани далолати, албатта.
Шу билан бирга, Равшан Раҳматов чорвачилик йўналишини ҳам йўлга қўйиб, айни кунда 100 бошга яқин қуён парваришлаб, шунингдек, рўзғорига яраша сигир-бузоқ, бошқа чорва молларини боқиб, хонадони маъхмурлигини таъминламоқда.
“Паҳлавон” қуёнлари эса тез кўпайиб бораётгани маҳаллада парҳезбоп гўшт етиштиришга бўлган қизиқишни ҳам оширмоқда.
“Паҳлавон” қуёнлари эса тез кўпайиб бораётгани маҳаллада парҳезбоп гўшт етиштиришга бўлган қизиқишни ҳам оширмоқда.
—Бир неча йилни меҳнат мигранти сифатида чет элда ўтказиб, ниҳоят, уйга қайтиб, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга бор куч ва имкониятимизни бағишладик,—дейди Равшан Раҳматов.—Бугунга келиб ниҳол сотувидан 20-25 миллион сўм атрофида фойда олаётган бўлсак, қуён савдосидан ҳам шунча мўмай даромадга эришяпмиз. Қолаверса, томорқамизда эрта баҳордан картошка, булғор қалампири, карам, сабзи, помидор, пиёз етиштириб, аввало рўзғорга яраша заҳира тайёрлаймиз.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








