Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг ҳисоботи
2026-04-20 10:05:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Қадрли ватандошлар!
Мамлакатимизда Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарликларида Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, сўнгги 10 йил Бухоро ва бухороликлар ҳаётида ҳам туб ўзгаришлар, мисли кўрилмаган янгиланишлар даври бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Ҳурматли Президентимиз раҳбарликларида амалга оширилган оламшумул бунёдкорлик ишлари туфайли шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси янада очилиб, ободликка юз тутмоқда. Аҳолининг ҳаёт даражаси ва турмуш сифати юксалмоқда.
Кенг кўламли мақсадли дастурлар доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 109,6 фоизга ўсиб, 18,2 трн сўмни, аҳоли жон бошига эса 8,6 млн сўмни ташкил этди.
Жумладан, саноат маҳсулотлари ҳажми 12,7 триллион сўмга, хизматлар 11,7 триллион сўмга, қишлоқ хўжалиги 5,8 триллион сўмга, қурилиш ишлари 4,6 триллион сўмга етказилди.
Амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар натижасида жами 75,7 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.
Вилоятда ишсизлик 4,7 фоиздан 4,0 фоизга, камбағаллик даражаси эса 6,0 фоиздан 5,1 фоизгача қисқартирилди.
Жорий йил якуни билан ишсизлик ва камбағаллик даражасини 2,0 фоиздан оширмаслик бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Жорий йилнинг биргина уч ойи давомида вилоятда 600 млн АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилди (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 225 фоиз).
Инвестиция дастурлари доирасида амалга оширилган лойиҳалар ҳисобига 1200 та янги ва барқарор иш ўринлари яратилди.
Биргина мисол. Когон туманида хитойлик инвестор иштирокида "China Хiangyang group" қўшма корхонаси томонидан қиймати 30 млн доллар бўлган, йиллик қуввати 50 минг тонна гипсокартон учун қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди.
Когон туман саноат парки ҳудудида Хитойнинг “Zhejiang Leapmotor Technology Co., Ltd.” хорижий корхонаси томонидан қиймати 350 миллион долларлик электр ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида амалий ишлар бошланди.
Азиз бухороликлар!
Ҳурматли Юртбошимизнинг туризмни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлари туфайли бугун мазкур соҳа вилоятнинг асосий драйверларидан бирига айланди.
Хусусан, Бухоромизга 3 ойда 634,6 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Уларга кўрсатилган хизматлар ҳисобига туризм экспорти ҳажми 181,3 млн долларини ташкил этди.
Шу билан бирга, республика ҳудудларидан Бухоро вилоятига 1 млн 502 минг 700 нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди.
2026 йилда “туризм қишлоғи” ва “туризм маҳалласи” мақоми бериладиган 3 та қишлоқ ҳамда 1 та маҳаллада зарур инфратузилмани шакллантириш ишлари бошланди.
Ҳозирги кунда мамлакатимиз том маънода улкан қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланди.
Кўз ўнгимизда қад ростлаётган замонавий турар-жойлар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, муҳандислик-коммуникация, йўл ва транспорт тармоқлари, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт муассасалари, боғ ва хиёбонлар, обод шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, бунёдкорлик нафасини акс эттирмоқда.
Хусусан, 2026 йилги ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 85 та объектда 151,6 млрд сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек 5,6 минг м2 уй-жойларнинг том қисмлари, 25 та кириш йўлаклари, 7 та уйнинг ертўла ҳамда ички муҳандислик-коммуникaция тармоқлари, 9 та уйнинг фасад қисмлари таъмирланди.
Аҳолининг ичимлик суви таъминоти даражаси бугунги кундаги 80 фоизга, оқава тармоқлари билан қамров даражаси эса 18,5 фоизга етказилди.
Тегишли дастурлар доирасида биринчи чоракда 56,0 км янги ичимлик сув тармоқлари тортилди, 2 та янги ичимлик суви ва 1 та янги оқава иншоотлари қурилди, шунингдек 6 км янги оқава тармоқлари барпо этилди.
Натижада оқава тармоқлари билан қамров даражаси 18,5 фоизга етқазилди.
2026 йил якунида аҳолининг ичимлик суви таъминоти даражасини бугунги кундаги 80 фоиздан 82 фоизга, оқава тармоқлари билан қамров даражасини 18 фоиздан 21 фоизга етказиш таъминланади.
Жорий йилнинг январь-март ойларида 27,2 км ички йўллар асфальтлаштирилди.
Автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш ва нуқсонларни бартараф этиш ишлари доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида 350 км йўлда ишлар амалга оширилди.
Шунингдек ички хўжалик автомобиль йўлларида 6 км бетон йўллар барпо этилди. 53 км йўл шағаллаштирилди.
Шу билан бирга, 2 та янги кўприк қурилди.
Йил якунига қадар умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва ички йўлларда жами 1 493,3 км йўлларни таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
2026 йил биринчи чорагида 3 та 35-110 кВ подстанция, 94 та трансформатор пунктлари ҳамда 348,7 км электр узатиш тармоқларида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек 16 та трансформатор пунктлари 21,1 км электр узатиш тармоқларида модернизaция ва реконструкция ишлари бажарилди.
Истеъмолчиларни узлуксиз ва барқарор табиий газ билан таъминлаш мақсадида жорий йилнинг биринчи чораги давомида
29,0 км газ қувурларида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, улар янгиланди.
Шунингдек 6 820 тонна (94%) суюлтирилган газ белгиланган тартибда махсус автотранспорт воситалари орқали истеъмолчиларга етказиб берилди.
Жами 38 та объектда 16 150 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди.
Жумладан, 39 та тадбиркорлик субъектида 5760 кВт, 322 та аҳоли хонадонларида эса 10390 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳор мавсумида 6 млн 247 минг дона кўчат экилиб, режа 105,2 фоизга бажарилди.
Ҳаракат таркибини янгилаш, қатновларни узлуксиз таъминлаш ҳамда йўловчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида вилоятга замон талабларига жавоб берувчи 25 та қулай ва шинам янги автобус харид қилинди.
Жамоат транспорти инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 34 та автобус бекатида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Ҳозирда Бухоро автошохбекатида реконструкция ишлари якунланди. Ушбу тадбирлар доирасида йўловчилар учун қулай перронлар, чипта сотиш ва юкларни рўйхатга олиш жойлари янгидан барпо этилди.
Ҳисобот даврида йўловчи оқимининг ортиб боришини инобатга олиниб, 1 та янги йўловчи ташиш йўналиши очилди.
Муҳтарам юртдошлар!
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ислоҳотлар ижроси изчил амалга оширилмоқда.
2026 йил ҳосили учун фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида жами 208 минг гектарга экинлар экилди.
Фермер ва деҳқонларимиз Жорий мавсумда 85 минг гектарга пахта экиш ва ўртача ҳосилдорликни 52 центнерни етказиб, жами 442 минг тонна пахта хомашёси етиштириш, ғаллачиликда 65 минг гектар майдондан 650 минг тонна ғалла ҳосилини кўтариш борасида барча имкониятларини сафарбар этишмоқда.
Қадрли бухороликлар!
Қайд этилаётган ҳар бир кўрсаткич, ҳар бир ютуқ мамлакатимиз раҳбарининг оқилона ислоҳотлари натижасидир.
Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари, Ҳукумат ҳужжатлари ҳамда мажлис баёнларида белгиланган топшириқларнинг ўз вақтида ижросини таъминлаш ва уларни сифатли бажариш устидан қатъий назорат ўрнатиш фаолиятимизнинг энг устувор йўналиши ҳисобланади.
Ҳокимлик аппаратида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича маълумотларни ижро муддати якунланишини кутмасдан, олдиндан электрон тизимга киритиб бориш амалиётига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2026 йилнинг январ-март ойлари давомида вилоят ҳокимлиги аппаратида ижро интизоми ҳолати 25 маротаба танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
Ҳисобот даврида “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали вилоятга дахлдор жами 1107 та топшириқ келиб тушган бўлиб, шундан 706 тасида вилоят ҳокимлиги асосий ижрочи, 401 тасида ҳамижрочи сифатида белгиланган.
Шунингдек, ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимининг Президент Администрацияси модули орқали вилоят ҳокимлигига дахлдор 113 та ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари модули орқали эса 253 та топшириқ келиб тушган бўлиб, уларнинг барчасининг ижроси таъминланди.
Жорий йилнинг апрель ойи топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида кунбай календар режаси ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, ҳар бир ҳоким ўринбосари кесимида “йўл харита”лари шакллантирилиб, тасдиқланди ҳамда амалий ижрога йўналтирилди.
Қадрли юртдошлар!
Биз бугун қандай ўзгаришлар, қандай янги лойиҳаларни амалга ошираётган бўлмайлик, уларнинг барча-барчаси ягона, улуғ бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, вилоятимиз аҳолисини рози ва оғирини енгил қилишдир.
Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳар қандай марраларни забт этишга қодирмиз.
Барчангизга бу йўлда чексиз куч-ғайрат, юксак марра, омад, фаровонлик ва бахту саодат тилайман.
Жонажон юртимизга, унинг тинчлигига асло кўз тегмасин!
Доимо соғ-омон бўлинг!
