Қоракўлда шўр ва сувсизликка чидамли ўсимликлар—галофит боғи барпо қилинмоқда
2026-04-18 19:45:00 / Янгиликлар
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтган йили вилоят бўйлаб 15 миллион дона дарахт ҳамда бута кўчатларини ўтқазиш, шаҳар ва туманларда, чўлга туташ манзилларда жами 20 тадан ошиқ “Яшил боғ”лар барпо этиш чора—тадбири босқичма-босқич олиб борилмоқда. Биргина Қоракўл туманида шўр ва сувсизликка чидамли ўсимликлар, яъни галофит боғлари ташкил қилишга киришилган.

Худди шундай, Қоракўл туманида 10 гектар майдонда “Галофит боғи” барпо қилинмоқда. Ҳудуднинг табиий имкониятлари, чўл шароитида барқарор экотизим яратиш йўлидаги муҳим амалий қадам сифатида вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ходимлари, ўрмон хўжалиги мутахассислари ҳамда Хитойдан ташриф буюрган ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида ҳудудда етиштирилаётган чўл ўсимликларининг ҳолати атрофлича таҳлил қилинмоқда.
Мазкур галофит боғида ҳозирда 35 турдан ортиқ шўр ва қурғоқчил шароитга мослашган ўсимликлар парвариш қилинмоқда. Ўрганиш жараёнида уларнинг кўкарувчанлик даражаси, маҳаллий иқлимга мослашуви, ўсиши ва умумий биологик ҳолати илмий асосда баҳоланмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, галофит ўсимликлар – табиатнинг ўзига хос мўъжизаси бўлиб, улар шўрхок тупроқларда ҳам самарали ўсиш хусусиятига эга. Эколог олимларнинг таъкидлаганидек, бундай ўсимликлар нафақат ернинг шўрланиш даражасини пасайтиради, балки тупроқ структурасини яхшилаб, кейинчалик бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун замин яратади.
Чўл массивидаги кўчатларни ўрганиш жараёнида халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб, ўзаро тажриба алмашилмоқда. Хитойлик мутахассислар ўз мамлакатларида галофит ўсимликларни етиштириш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича орттирган тажрибаларини воҳамизда қўлламоқдалар. Улар томонидан илгари сурилган илмий тавсиялар, айниқса, сув танқислиги кучайиб бораётган ҳудудлар учун муҳим аҳамиятга эга.
Хорижий экспертларнинг фикрича, Қоракўлдаги бу лойиҳа Марказий Осиёда чўл ҳудудларини барқарор ривожлантириш учун намуна бўлади. Агар илмий ёндашув изчил давом эттирилса, бу ерда юқори самарадор экотизим шаклланади.
Галофит боғлари экологик мувозанатни сақлашда муҳим ўрин тутади. Улар шамол эрозиясини камайтиради, атмосфера ҳавосини яхшилайди ва биохилма-хилликни оширади. Бундай яшил ҳудудлар чўл зоналарини ўзлаштириш, улардан оқилона фойдаланиш, барқарор муҳит яратишда самарали воситадир.
Чекка тумандаги “Галофит боғи” нафақат илмий тадқиқот майдони, балки экологик муаммоларга амалий ечим топилаётган инновацион платформага айланмоқда. Бу ерда олиб борилаётган ишлар келгусида бутун минтақада чўлланишга қарши курашиш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш борасида муҳим натижалар беришига катта умид ва ишонч бор.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





