Шофиркон: суяк синиши билан боғлиқ мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди
2026-04-17 20:15:00 / Янгиликлар
Шофиркон туман тиббиёт бирлашмасида яна бир мураккаб жарроҳлик амалиёти илк уринишда муваффақиятли бажарилиб, ҳудуд тиббиётида замонавий ёндашувлар изчил самара бераётганига далилдир.

Маълум бўлишича, 1980 йилда туғилган бемор жорий йил 8 апрель куни уч ғилдиракли юк мотоциклида йўл-транспорт ҳодисасига учраб, турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Тиббий кўрик натижасида беморга бош мия чайқалиши билан бирга чап оёғи сон суягининг ўрта учлигида очиқ синиш ташхиси қўйилди. Бундай ҳолатларда тезкор ва юқори малакали тиббий ёрдам ҳаётий аҳамият касб этади.
Шифокорлар томонидан беморнинг ҳолати чуқур ўрганилиб, замонавий усулда жарроҳлик амалиёти ўтказишга қарор қилинди. Хусусан, чап сон суягини тиклаш мақсадида каминвазив усулда блокланган интрамедулляр остеосинтез (БІОС) амалиёти бажарилди. Бу усул суяк ичига махсус металл имплант ўрнатиш орқали синишни ичкаридан мустаҳкамлашга хизмат қилади. Натижада операция кам жароҳат билан ўтади, қон йўқотиш камаяди ва беморнинг соғайиб, оёққа туриш жараёни тезлашади.
Эътиборлиси, пухта тайёргарлик билан ўтказилган мазкур мураккаб жарроҳлик амалиёти туман тиббиёт бирлашмасида илк бор амалга оширилди. Бунда республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали тор доирадаги мутахассислари, ортопед травматологлари Аловиддин Орипов, Нодир Умаров, Аброр Ашуровларнинг билимлари, касбий маҳорати, ҳамкорликдаги ёрдамларига таянилди.
Мазкур жарроҳлик амалиёти ҳудуд тиббиётида юқори технологияли жарроҳлик хизматларини йўлга қўйиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишларнинг яна бир муҳим натижасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







