Ғиждувон: “Тахтахон”да 590 ўринли умумтаълим мактаби қайта қурилмоқда
2026-04-17 20:10:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 cентябрдаги ПҚ-5246-сонли “Ислом тараққиёт банки ва ОПEК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан айни кунда Ғиждувон туманининг бир нечта маҳалласида қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари жадал бормоқда.

Қишлоқ ҳудудларини комплекс ривожлантириш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда замонавий инфратузилмани шакллантиришда мазкур қарор муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Муҳими, қарор доирасида ҳудудларда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар амалга оширилаётгани аҳоли турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 50-сонли умумтаълим мактабида ҳам айни қурилиш-таъмирлаш ишларини кўриш мумкин. Аҳоли сони ошгани баробарида мактабга бўлган талаб ва эҳтиёж кучайгани боис, кейинги пайтда бу таълим маскани мослаштирилган шароитда фаолият юритиб, навқирон авлодга икки сменада сабоқ бериб келинаётганди.
Ниҳоят, вилоят ва туман ҳокимликлари саъй-ҳаракати билан айни кунда эскириб, таъмирталаб кўринишга келган 350 ўринли мактаб биносини мукаммал реконструкция қилиш, унинг ёнидан тахтахонликлар фарзандлари учун қўшимча 240 ўқувчи ўрнига эга янги ўқув биносини барпо этишга киришилди.
Бу лойиҳада пудратчи ташкилот “Галаосиё сохтимон” МЧЖ бинокорлари жонбозлик кўрсатмоқдалар. Қурилиш ишлари жорий йил дастлабки ойидан бошланган бўлиб, бугунга келиб, умумий лойиҳанинг деярли ярми тўла-тўкис битказилган. Умумий қиймати 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ молиялаштирилган мазкур хайрли ишда ҳозирда ўқув биносининг иккинчи қаватида ғишт териш ишлари олиб борилмоқда.
Бинокорлар умумтаълим мактабини шу йил янги ўқув йили олдидан замонавий дизайнда ўқувчиларга топширишни мақсад қилишган. Бу ҳам таълим инфратузилмасини ривожлантириш, ўқувчилар учун замонавий шарт-шароит яратиш, келажак авлодга муносиб таълим муҳитини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





