Ёшлар кунида вилоят ҳокими Жондор туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабида бўлди
2026-04-16 18:15:00 / Янгиликлар

Туман марказидаги Тинчлик маҳалласида фаолият юритаётган мазкур таълим маскани 2017 йилда мукаммал таъмирдан чиқарилган бўлиб, ҳозирда 1635 нафар ўқувчини ўз бағрига олган.
—Аниқ ва ижтимоий фанлар билан бирга мактабимизда инглиз ва корейс тиллари чуқурлаштирилган услубда ўтилмоқда,—дейди мазкур мактаб директори Илҳом Рўзиев.—Бунда навқирон авлод вакиллари “Турон” театр жамоаси ва “Иқтидор” ҳаваскорлик ансамблини ҳам ташкил этиб, бадиий ижод қилиб келишмоқда. Даргоҳ таълим-тарбия ишларига айни кунда 140 нафар педагог ходим жалб қилинган бўлиб, биология, физика ва кимё фанларидан махсус синфлар, 2 та компьютер информатика хонаси, кутубхона, 150 ўринли ошхона талаб даражасида жиҳозланган.
Вилоят раҳбари мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи, туман ҳокими ва бошқа масъуллар билан бирга мактаб таълим ишлари, моддий-техник базаси, тўгараклар фаолияти билан яқиндан танишди. Хориждан келган инглиз тили фани ўқитувчи Кристиан Кҳен ва унинг корейс тили очиқ дарсида бўлишиб, ёш истеъдод эгалари ва улар ўқитувчиси билан самимий суҳбат қурдилар.
Шунингдек, таълим маскани ўқувчиларининг информатика хонасида сунъий интеллект бўйича машғулот ўтиш жараёни кузатилгани ҳолда мактаб йиғингоҳида битирувчи ўқувчилар билан давра суҳбати бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқотда вилоят ҳокими Ботир Зарипов ёшлар билан самимий суҳбатлашиб, ўзининг бой ҳаётий тажрибаси, қарашларини билдирди. Ёшларни аввало уларга берилаётган имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланиб, пухта билим олишга, изланишга, ўз мақсадлари сари дадил қадам босишга, Ватанни ва ота-оналарини севиб ардоқлашга, устозлар берган билимларини қадрлашга чорлади.
Фурсатдан фойдаланиб, битирувчи йигит-қизлар ҳам таклиф ва мурожаатларини билдиришиб, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар. Масъуларга эса мактабнинг таълимда эришаётган ютуқлари, инновацион ўқитишдаги шаклланган тажрибасини оммалаштириш, айниқса, тил ўрганиш, тўгараклар ишини ривожлантиришга доир тавсиялар берилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









