Олий таълим даргоҳлари биритувчи ёшлари учун “Карьера куни – 2026” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди
2026-04-16 16:15:00 / Янгиликлар
Замонавий кадрлар тайёрлаш, иқтидорли ёшларни тизимли қўллаб-қувватлаш, битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича бандлигини таъминлаш вилоятимизда ҳам долзарб бўлиб келган. Вилоятдаги давлат олий таълим муассасалари битирувчиларини ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш мақсадида тегишли масъул ташкилот ва идоралар, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида “Карьера куни – 2026” ҳамда “Очиқ эшиклар куни” тадбирларини юқори савияда ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.

Бугун вилоят марказидаги “Universal” спорт мажмуасида битирувчи талабалар ва улар таҳсил олаётган олий таълим муассасалари раҳбарияти, шунингдек, вилоят шаҳар ва туманларидаги корхона-ташкилот, муассаса ва бошқармалар иш берувчилари иштирокида “Келажагингни танла” шиори остидаги “Каръера куни-2026” деб номланган меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди.
Тадбирни вилоят ҳокими Ботир Зарипов кириш сўзи билан очиб, вилоятимиздаги таълим муассасаларини тамомлаб, ҳаётнинг янги босқичига қадам қўяётган барча битирувчи ёшларни самимий табриклаб, ёш мутахассислар келажагига ишонч билдирди.
Бўш иш ўринлари меҳнат бозорида жумладан, Бухоро давлат университети, Бухоро давлат тиббиёт институти, Бухоро давлат техника университети, Бухоро давлат педагогика институти битирувчи ёш мутахассислари ўз хоҳиш-истакларига биноан танловни амалга ошириш имконига эга бўлдилар. Улар учун халқ хўжалиги барча тармоқлари, ишлаб чиқариш, ижтимоий соҳа иншоотлари, мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, тиббиёт бирлашмалари, қишлоқ хўжалиги, ирригация ва мелиорация соҳаси, қўшма корхона, завод, фабрикалар, барқарор ишлаётган тадбиркорлик корхоналари ўз иш ўринлари ваканциясини таклиф этди.
—2025-2026 ўқув йили учун университетимизда 5 241 нафар, шундан 4755 нафар бакалавриат таълим йўналишларида ва 486 нафар магистратура мутахассисликлари бўйича талабалар таҳсил олишмоқда,—дейди Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов.— Жорий йилда университетни 3911 нафар талаба тамомламоқда. Шундан, 958 нафари бошқа вилоятлардан келган талабалар бўлса, қолган 3047 нафари вилоятимиз талабаларидир.
Битирувчиларимизнинг 1 556 нафари таълим билан бир вақтда бандлиги таъминланганлар ҳисобланади. 2026 йил бошидан шу кунга қадар 37 нафар битирувчига турли йўналишда жами 4 миллиард 715 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган. Жумладан, “Тадбиркорликка илк қадам” кредит пакети бўйича 33 нафар битирувчига 615 миллион сўм, “Бизнес старт” ва “Бизнес прогресс” кредит линиялари бўйича 4 нафар битирувчига 400 миллион сўмдан ошиқ имтиёзли кредит маблағи ажратилган.
Шунингдек, 518 нафар битирувчи таълимни кейинги босқичларда давом эттиришини режалаштирган бўлса, 51 нафари касб-ҳунар ўрганиш орқали бандликка эришмоқчи. Бу борада вилоят ҳокимлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш вилоят бош бошқармаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ёш мутахассис сифатида барча битирувчиларимизни иш билан таъминлаш ҳаракатидамиз. “Карьера куни – 2026” меҳнат ярмаркаси ҳам улар учун қулай имкониятдир.
—Меҳнат ярмаркасида ўзимиздаги 44 та бўш иш ўрни билан қатнашяпмиз,—дейди Жондор туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими шўъба мудири Бобир Пўлатов.—Университет ва педагогика институтининг аниқ ва ижтимоий фанлар бўйича ёш мутахассисларига эҳтиёжимиз бор. Мактаблар ва болалар боғчаларимизда кимё, биология, рус тили, хорижий тиллар, мусиқашунослик фанлари бўйича кадрлар етишмайди. Шу боис, бугун Бухоро давлат университетини битираётган Сардор Пўлатовга 2-сонли умумтаълим мактабига кимё фани ўқитувчиси вазифасига, яна бир битирувчи Отабек Равшановга Работ қишлоғидаги 23-сонли, Меҳрангиз Ражабовага эса Хумин маҳалласидаги 7-сонли болалар боғчасига мусиқа фани ўқитувчилигига тавсиялар берилди. Бунда улар ойлик маошлари 3,5 миллион сўм атрофида.
—“Карьера куни – 2026” очиқ эшиклар кунига туманимиздаги 10 та ташкилот ва корхонанинг 136 та вакант иш ўрни билан келдик,—дейди Қоровулбозор тумани камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бош мутахассиси Хуршид Ҳамдамов.—Масалан, туман тиббиёт бирлашмасида хирург, педиатр, терапевт, санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари етишмайди. Ҳолбуки, тор доирадаги бу мутахассислар учун 5 миллион сўм ойлик маош белгиланган.
Шунингдек, “Sulfo Tech” МЧЖда 6 та кимё-лаборант иш ўрни учун 4 миллион сўмдан ойлик маош эълон қилинган. Қолаверса, ҳудуддаги 1-, 5-, 8-, 9-сонли мактабгача таълим ташкилотлари учун мусиқа таълими бўйича сабоқ берадиган мутахассисларни излаяпмиз. Ойлик маош 3,5 миллион сўм атрофида. Туман техникуми эса ҳозирда ўрни бўш инглиз тили ўқитувчиси учун 3,6 миллион сўм ойлик маош эълон қилган.
Шунингдек, “Sulfo Tech” МЧЖда 6 та кимё-лаборант иш ўрни учун 4 миллион сўмдан ойлик маош эълон қилинган. Қолаверса, ҳудуддаги 1-, 5-, 8-, 9-сонли мактабгача таълим ташкилотлари учун мусиқа таълими бўйича сабоқ берадиган мутахассисларни излаяпмиз. Ойлик маош 3,5 миллион сўм атрофида. Туман техникуми эса ҳозирда ўрни бўш инглиз тили ўқитувчиси учун 3,6 миллион сўм ойлик маош эълон қилган.
—Бухоро давлат педагогика институтининг жисмоний маданият факультетини битиряпман,—дейди тадбир қатнашувчиси Севинч Нормуродова.— Ўз танловимга кўра, Шофиркон туманидаги 16- ва 37-сонли болалар боғчаларидаги жисмоний тарбия йўриқчиси бўш иш ўринлари учун тавсия олдим. Ойлик маоши 3 миллион сўм атрофида экан.
—Бугунги бўш иш ўринлари ярмаркасига вилоятнинг даволаш-профилактика муассасалари, барча туманлар тиббиёт бирлашмалари жами 334 та вакант ўрни билан қатнашмоқда,—дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи Баҳодир Шеров.—Айни кунда ҳатто, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази юз-жағ жарроҳи, ФД ЭЭГ, невролог, анестезиолог, эндокринолог каби тор доирадаги мутахассисларга эҳтиёж сезмоқда. Улар учун 4-6 миллион сўм атрофида ойлик маош белгиланган. Бу борада Бухоро давлат тиббиёт институти билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









