Ботир Зарипов “Zhejiang Leapmotor Technology Co., Ltd.” компанияси вице-президенти Лей Минг бошчилигидаги делегация билан учрашди
2026-04-15 20:05:00 / Янгиликлар
Жорий йил 1 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда Хитой Халқ Республикасининг “Zhejiang Leapmotor Technology Co., Ltd.” компанияси иштирокида Бухоро вилоятида автомобил ишлаб чиқариш қувватларини босқичма-босқич йўлга қўйиш лойиҳаси тақдимот қилинган эди.

Лойиҳанинг ишлаб чиқариш ва даромадлар режаси 2026 йилда — 20 минг дона автомобил (50 млн доллар), 2027 йилда — 40 минг дона автомобил (100 млн доллар), 2028 йилда — 60 минг дона автомобил (150 млн доллар), 2029 йилда — 100 минг дона автомобил (200 млн доллар), 2030 йилда — 150 минг дона автомобил (300 млн доллар), 2031 йилда — 200 минг дона автомобил (350 млн доллар) белгиланган.
Мазкур лойиҳа доирасида B10, B10L, A10, C01, C16 автомобил моделларини ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида автомобил бутловчи қисмларини босқичма-босқич маҳаллийлаштириш режалаштирилган. Жумладан, бамперлар, ўриндиқлар, ойналар, эшик қопламалари, шиналар, орқа кўриниш кўзгулари, симлар жамланмаси, аккумуляторлар, асбоблар панели, торпеда қисми, ёритиш ускуналари ва бошқа айрим автокомпонентларни маҳаллий ишлаб чиқаришни ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Ушбу ёндашув вилоятда саноат кооперациясини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва маҳаллий қўшилган қийматни оширишга хизмат қилади.
Лойиҳага мувофиқ, Бухоро вилоятини Марказий Осиёдаги автомобилсозлик ва логистика хаби сифатида шакллантириш мақсад қилинган. Бу эса келгусида нафақат ички бозорни таъминлаш, балки қўшни мамлакатлар бозорига чиқиш имкониятларини ҳам кенгайтириши мумкин.
Лойиҳа доирасида 2026 йилда 200 та, 2028 йилда 1000 та, 2031 йилда 3000 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
Шунингдек, малакали муҳандис ва техник кадрлар тайёрлаш мақсадида Бухоро давлат техника университети, Тошкент шаҳридаги INHA университети, Ахборот технологиялари университети, Турин политехника университети билан ҳамкорлик қилиш назарда тутилган.
Компаниянинг вице-президенти Лей Минг Хитой автомобиль саноатида халқаро бозорлар, экспорт ва ташқи операциялар йўналишида фаолият юритиб келаётган раҳбарлардан бири ҳисобланади.
Компания раҳбариятида у молиявий режалаштириш ва банк сектори билан ҳамкорлик масалаларини мувофиқлаштиради. Жумладан, у брендни ривожлантириш стратегияларини муҳокама қилиш мақсадида банклар (масалан, China Minsheng Bank) ва дилерлик гуруҳлари вакиллари билан ўтказилган йирик учрашувларда Leapmotor компанияси номидан иштирок этган.
Самимий мулоқотда лойиҳани амалга оширишни янада жадаллаштириш билан боғлиқ масалалар юзасида фикрлашилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







