“Инсон жисм бўлса, мактаб жон эрур...”
2026-04-15 20:00:00 / Янгиликлар

Адиб шеъриятидаги мавзулардан бири таълим ва тарбиядир. Хусусан, унинг қатор шеърлари мактаб таърифига бағишлаган. Мутафаккир аллома бу борада илгари сурган фикр-ғоялар барча замон ва маконлар, жумладан, бугунги кун учун ҳам ниҳоятда долзарбдир. Зеро, бугун мактаб, таълим-тарбия масаласи Президентимиз раҳбарлигидаги барча раҳбар-ходимлар, жумладан, халқимиз диққат марказида бўлиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари илгари сурган “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”, деган ғоя бугун ҳар биримиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Устод Айнийнинг мактаб таърифига бағишланган қуйидаги шеъри мутолааси жараёнида ҳам ёш авлод таълим-тарбияси масаласи маърифатпарвар аждодларимиз учун нечоғлик муҳим маслак бўлганлигини яққол англаш мумкин:
Аз файзи Яздон хон аст, мактаб,
Бар лаъли ирфон кон аст мактаб.
Бе ҷон ҷасадро қадре набошад,
Ҷисм аст инсон, ҷон аст мактаб.
Аз мактаб ояд осоиши дил,
Марғуби дилҳо з-он аст мактаб.
Бемактабонро набвад ҳаёте,
Об аст мактаб, нон аст мактаб.
Саъд аст мактаб, хайр аст мактаб,
Изз аст мактаб, шон аст мактаб.
Дар чашми биниш нур аст дониш,
Дар ҷисми дониш ҷон аст мактаб.
Дар моҳии ҷон об аст ирфон,
Дар мурғи ирфон дон аст мактаб.
Мазмуни: Аллоҳ файзи теккан мактаб дастурхондир, ирфон хазинасига кондир. Жонсиз жисмнинг қадри бўлмайди, инсон жисмдир, мактаб эса унинг жонидир. Қалбнинг осойишталиги ва хурсандчилиги ҳам мактаб туфайлидир.
Мактабсизларнинг ҳаёти ҳаёт эмас, чунки мактаб сув ва нон каби инсонга ҳаёт бағишловчи неъматдир. Мактаб саодат, мактаб яхшиликдир, мактаб иззату шон-шарафу мартабадир. Илмга кўзга нур бўлгани каби илмнинг жисмидаги жон мактабдир. Балиқ жонига сув восита бўлганидек, маърифат қуши учун мактаб бамисоли дондир.
Устод Айний ниҳоятда қийин даврда яшади. Аммо бор имкониятдан самарали фойдаланиб, меҳнату машаққат ила буюклик даражасига етди. Шу боис унинг мактаб ҳақидаги даъватлари шунчаки қуруқ чақириқлар эмас, балки шоирга замондош бўлган минглаб ота-оналар, устозларнинг қалб амри, овози эди. Шу боис ижодкорнинг мактабга “дастурхон”, “илму марърифатга кон”, “инсон жисмидаги жон”, “қалб осойишталиги ва хурсадчилиги воситаси” дея таъриф беришида заррача муболаға йўқ.
Аллома тўғри таъкидлаганидек, “мактабсиз киши ёки миллатнинг ҳаёти ҳам, келажаги ҳам йўқ”. Илмли, маърифатли миллатгина буюк давлат қура олади.
Ҳар бир инсон учун нон ва сув улуғ неъматлардир. Одам яхши яшаши учун бу икки неъматни ҳар куни истифода этади. Аммо у мактабсиз бўлса-чи? Аллома таъкидича, мактабсиз одамга нон ва сув ҳам татимайди. Зотан, мактабнинг ўзи нон ва сувдир. Зеро, инсон келажак ҳаётини, моддий таъминоти асосларию маънавий камолоти илдизларини айнан мактабдан топади.
Садриддин Айний ижодида бу каби панд-насиҳатга йўғрилган, содда ва равон, юксак бадиий дид билан суғорилган сатрлар жуда кўп. Янги Ўзбекистон орзуси билан яшаётган эканмиз, бу маънавий меросни чуқур ўрганиш ва тарғиб этишга ҳар биримиз бурчлимиз.
Қаҳрамон Тўхсанов,
Бухоро давлат университети профессори, филология фанлари доктори
