Бухоро шаҳрида ёш ташаббускорлар учун “Инвесторлар куни” ташкил қилинди
2026-04-15 14:25:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-62-сонли “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил 13 апрел куни акционерлик тижорат “Алоқа банк”, “Aloqa Ventures” ва бошқа венчур фондлар билан биргаликда Бухоро шаҳридаги “Universal” спорт мажмуасида “Инвесторлар куни” тадбири ташкил қилинди.

“Инвесторлар куни” доирасида ташаббускор, стартапчи ёшлар ўз бизнес лойиҳалари билан қатнашиб, профессионал тавсиялар олишиб, молиявий қўллаб-қувватлаш имконияти билан танишдилар. Тадбирда 300 дан ортиқ иштирокчи — ёш тадбиркор, инвестор ва соҳа вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда йиғилганлар учун “Aloqa Ventures”, “IT Park Ventures”, “Uz VC”, “Domino VC”, “Imkon Ventures”, “Yoshlar VC” каби етакчи венчур фондлар масъуллари томонидан тарғибот-ташвиқот олиб борилди. Марказий Банк Бухоро вилоят бошқармаси бошлиги Эркин Мансуров, “Aloqa Venture” фонди директори Сухроб Ғайбуллаев, “Алоқа банк” бошқарув раисининг ўринбосари Фаррух Маҳкамов, Ёшлар ишлари Агентлиги вилоят бошқармаси бошлиги Шавкат Раҳмоновлар ташаббускор ёшларга ўз тавсия ва таклифларини бердилар.
Тадбир доирасида стартап питч сессияси ташкил этилиб, унда ёш изланувчан ташаббускорлар 10 та стартап лойиҳалари тақдимотини намойиш қилишди. Жумладан, Баҳодир Рамазоновнинг турагентликлар учун автоматлаштирилган сунъий интеллектли операцион тизими “Welgo OS”, Озода Олимованинг оналар учун сунъий интеллектли педиатр ёрдамчиси ва тиббий ишланмаси “Lactamira”, Жавоҳирбек Бўрибоевнинг маҳаллий хизматларни топиш ва брон қилиш хизмати “YAGO”, Файзулла Ёдгоровнинг тарихий обидалар учун иммерсив рақамли аудио-гид ва ҳикоялар тўплами “QRTifact”, Салоҳиддин Ёқубовнинг ҳайдовчилик имтиҳонларига тайёрловчи инновацион таълим экотизими “Onless”, Диёрбек Илҳомовнинг ижтимоий тармоқлар учун сунъий интеллектли автоматик жавоб платформаси “Managly” каби платформалар тақдимоти йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Аҳамиятлиси, бу тадбирда венчур фондлар томонидан 3 та стартап лойиҳа танлаб олиниб, уларга умумий қиймати 65 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиладиган бўлди. Жумладан, “Onless” стратап лойиҳаси - 20 минг, “Managly” стратап лойиҳаси 15 минг, “Eventflow” стратап лойиҳаси 30 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция маблағини ютиб олди.
Шунингдек, тадбир якунида Бухоро вилоятининг 13 та шаҳар-туманидан қатнашган иқтидорли ёшлар томонидан 20 дан ортиқ стартап лойиҳаси инвесторларга тақдимот қилинди ва уларга инвесторлар томонидан амалий тавсиялар берилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









