Пешку: ҳудуддаги 7 та инкубаторияда 3314 қути ипак қурти жонлантирилиб, манзили тарқатилди
2026-04-14 20:35:00 / Янгиликлар

Айни мавсумда туман биолабораторияларида жонлантирилган 3314 қути ипак қурти хўжаликлар, оилавий звеноларга тарқатилган. Маҳалла ва қишлоқлардаги 200 тага яқин фермер хўжалиги ва 2300 дан зиёд оилавий касаначи кучи билан 199 тонна сара навли пилла етиштириш мақсад қилинган.
Таҳлиллардан кўринишича, бундан 3-4 йил бурун туманда 2 минг 660 қути ипак қурти уруғи боқилиб, буюртмачи сифатида “Bukhara Brilliant Silk” қўшма корхонаси томонидан оилавий звенолар ва касаначилардан 155 тонна атрофида момиқ пилла маҳсулоти қайта ишлашга қабул қилинган. Шундан 60 тонна пилла фермер хўжаликлари ва улардаги оилавий звенолар, 90 тоннаси эса касаначилар ҳиссасига тўғри келган.
Кўриниб турибдики, бу йилга келиб туманда ипак қурти салмоғи нисбатан 654 қутига ёки 4,5 тоннага ошган. Баҳор мавсумида касаначилар ва оилавий звенолардан йиғиб олиниши кўзланган хом ашё миқдори 200 тоннадан кам эмас.
Муҳим режани амалга ошириш мақсадида барча ҳудудда зарур шарт-шароит яратилган бўлиб, фермер хўжаликлари ва аҳоли хонадонлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Мавсум олдидан мавжуд тут плантациялари фермер хўжаликлари ва касаначи субъектларга меҳнат шартномасига биноан манзилли тарқатиб берилган.
Инкубаторияларда ипак қуртларини сифатли жонлантириш, уларни ўз вақтида озиқлантириш ҳамда парваришлаш бўйича мутахассислар томонидан амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Айниқса, тут барги захирасини етарли даражада шакллантириш, парваришлаш жараёнида санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этишга эътибор қаратилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






