Бухорода кураш бўйича U-15 ўсмирлар (ўғил ва қиз болалар) ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилмоқда
2026-04-14 20:25:00 / Янгиликлар

Мазкур нуфузли мусобақада республикамизнинг барча ҳудудларидан келган иқтидорли ёш полвонлар иштирок этиб, ўз маҳорат ва имкониятларини намоён этмоқда.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими, Кураш федерацияси вилоят бўлими раҳбари Ботир Зарипов иштирок этиб, йиғилганларни самимий қутлади ҳамда барча иштирокчиларга омад ва зафарлар тилади. Вилоят раҳбари ўз нутқида мамлакатимизда миллий спорт турларини, хусусан, курашни ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётганини алоҳида эътироф этди.
Таъкидланганидек, юртимизда спортга, айниқса, миллий қадриятларимиз билан уйғунлашган кураш спортига бўлган эътибор йил сайин ошиб бормоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки кураш — бу фақатгина жисмоний бақувватлик эмас, балки ирода, матонат, ҳалоллик ва ватанпарварлик каби юксак фазилатларни шакллантирадиган мактабдир.
-Бугунги мусобақада иштирок этаётган Сиз, азиз ёшлар эртанги куннинг муносиб ворисларисиз. Сизлар нафақат спорт майдонида, балки ҳаётда ҳам юртимизнинг шаънини муносиб ҳимоя қиладиган, баркамол авлод сифатида камол топишингизга ишонамиз. Бу чемпионат эса Сизлар учун ўз иқтидорингизни намоён қилиш, янги дўстлар орттириш ва катта ғалабалар сари илк қадамларни қўйиш имкониятидир,-деди Ботир Зарипов.
Тадбирда Кураш федерацияси томонидан Бухоро вилоятида кураш спортини ривожлантиришга қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов тантанали равишда тақдирланди.
Мусобақа доирасида бир қатор вазн тоифаларида муросасиз ва қизиқарли финал баҳслари ўтказилиб, унда ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, уларга диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Чемприонат 16 апрелга қадар давом этади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








