Жондор: 12 та ҳудудда ичимлик суви ва канализация тизими ривожлантирилмоқда
2026-04-14 19:15:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 августдаги 482-сонли қарорига мувофиқ, “Осиё инфратузилма инвестициялари банки” иштирокида “Бухоро вилоятининг ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида Жондор туманида ҳам муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, умумий қиймати 20,6 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилган. Хусусан, “Жондор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Марказий сув иншооти”да 3 та 1000 метр куб сиғимли сув резервуарини реконструкция қилишга киришилган. Шунингдек, ҳудудда жами 12 та сув иншоотида 500 метр кубдан 1000 метр кубгача бўлган янги сув резервуарлари қурилиши йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, ҳудудда ичимлик суви тармоқларини кенгайтириш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, “Тобагар” МФЙдаги Тобагар сув иншоотидан 26,1 километр, “Шўробод” МФЙдаги Кўча сув иншоотидан 127,3 километр, “Жондор” МФЙдаги Марказий сув иншоотидан 65,9 километр, “Паҳлавон” МФЙдаги Бўрибоғи сув иншоотидан 33,6 километр, “Далмунобод” МФЙдаги Далмун сув иншоотидан 55,3 километр, “Ушот” МФЙдаги Ушот сув иншоотидан 85,5 километр масофадаги магистрал қувур тортилиши лойиҳалаштирилган.
Худди шундай, ҳудуддаги “Болиоб” МФЙдаги Хумин сув иншоотидан 37,5 километр, “Қозикенти” МФЙдаги Қозикенти сув иншоотидан 47,3 километр, “Ромиш” МФЙдаги Ромиш сув иншоотидан 32,5 километр, “Охших” МФЙдаги Охших сув иншоотидан 42 километр, “Мирзаён” МФЙдаги Мирзаён сув иншоотидан 62 километр узунликдаги магистрал қувурини тортиб, тармоқ фаолиятини яхшилаш мақсад қилинган.
Ҳозирги кунда “Бухоро сув таъминоти” АЖ Жондор тумани филиали томонидан тумандаги 35 минг 310 нафар аҳоли, яъни, 6 минг 671 та абонент марказлашган ичимлик суви билан таъминланмоқда. Ичимлик суви 10 та сув иншооти ҳамда 350 километр узунликдаги тармоқлар орқали етказиб берилмоқда.
Шу билан бирга, 2026–2027 йиллар давомида Жондор тумани маркази ҳамда унга туташ ҳудудларда — Жондор, Демун, Пўлоти ва Дарвеши МФЙларда умумий қиймати 10 миллиард сўмлик оқава (канализация) тизимини қуриш кўзда тутилган. Айни пайтда ҳудудда пудратчи ташкилот ишчи-мутахассислари қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бормоқдалар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








