Шофиркон деҳқон ва буюм бозори янги қиёфага кирмоқда
2026-04-13 21:25:00 / Янгиликлар

Вилоят ва туман ҳокимликлари, тегишли ташкилотлар саъй-ҳаракати билан ниҳоят, туман марказий деҳқон бозори рисоладагидек кўринишга келтириладиган, унда харидор ва сотувчилар учун етарли шароит шай қилинадиган бўлди. Бугун вилоят ҳокими туманда бўлиб, бозор таъмирига алоҳида эътибор қаратди.
Умумий ер майдони 5,5 гектардан ошиқни ташкил этаётган мазкур бозордаги аҳволдан келиб чиққан ҳолда айни кунда 167 та савдо шохобчаси, 244 та раста ва бир айвонига эга деҳқон, шунингдек, 242 та савдо дўконига эга буюм бозорида таъмирлаш-тиклаш ишлари, жумладан, бозор ташқи фасад қисмини замонавий қиёфага солиш ишлари бошланган.
Бунда бозорнинг олди, фасад қисми 500 миллион сўм моддий қийматида, ҳомийлик ва тадбиркорлар маблағлари ҳисобидан қайта таъмирланмоқда. Ҳозирда буюм бозоридаги 102 та дўконда ҳам қурилиш, ободонлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
Бозор фасад қисмини талаб даражасига келтириш мақсадида «Миллий банк» вилоят филиалидан қиймати 2,5 миллиард сўм кредит маблағи жалб этилган бўлиб, айни кунда пудратчилар танланган. Таъмирлаш-тиклаш ишларидан сўнг мажмуада яна қўшимча 288 та савдо растаси барпо этилиб, кундалик савдо тушуми ортади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









